Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган фаол Атай Бейшенбекга нисбатан яна икки жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда 24 январь куни адвокат Канат Хасанов хабар берди.
Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари етти йил аввал жиноят таркиби йўқ деб аниқланган «фирибгарлик» бўйича ишни қайтадан фаолнинг «бўйнига илишмоқда». Иккинчи ҳолат эса 2020 йилдаги октябрь воқеалари билан боғлиқ.
«2020 йили Атай «ҳокимиятни, мэрияни босиб олган эмиш». Бу ишни ўтган йили МХДҚ тўплабди - ўша пайтда Атай Болот Темиров гиёҳванд моддалар сақлагани учун ҳибсга олинганида акцияга қатнашган, Викрам Рузахуновни қўллаб-қувватлаш учун митинг ташкил қилган. У қонунийликни талаб қилган. Бугун МХДҚ ўша ишни ИИВга юбориб, бизга қарор келди», деб тушунтирди Ҳасанов.
Ҳуқуқшунос октябрь воқеаларидан кейин Садир Жапаров бош бўлган амалдорлар ҳокимиятга келганини эслатди.
Ҳасановнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари Кампиробод иши бўйича жиноятчининг айбини исботлай олмагани учун иккита янги жиноий иш қўзғатган.
Бундан ташқари, адвокат Кампиробод бўйича ҳибсга олинган фаол, сиёсатчиларга қарши иш қўзғалганини «сиёсий таъқиб» деб атади.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.
Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.
Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.