19-январда ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулова Россиянинг фуқароси Тимофей Илюшинни воқеасининг тафсилотларини айтиб берди. У Қирғизистонга Россиянинг Украинага очган урушига қарши бўлгани сабаб келган.
Абдирасулованинг айтишича, Илюшин Бишкек ШИИБ ходимларининг босими сабаб Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
«Тимофей [16-январда] Бишкекда Россиядаги сиёсий маҳбусларни қўллаш бўйича тинчлик митингини ўтказиш бўйича билдирув берганини айтиб бизга мурожаат қилган. Билдирувини бергандан кейин унга [Бишкек] ШИИБдан қўнғироқ қилишибди, у биздан бу бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришни илтимос қилган. Бизнинг мутахассис унга Қирғизистоннинг қонунига кўра чет эллик фуқаронинг ҳуқуқлари ва вазифалари ҳақида, жумладан тинч митингларни ўтказишга ҳуқуқи борлигини тушунтириб берган», — деди Абдирасулова.
Илюшин Бишкекда ўтказмоқчи бўлган биринчи митинги Россиянинг сиёсий маҳбусларини — мухолифатчи Алексей Навальнийни, сиёсатчи Илья Яшинни ҳамда бошқа Россия ҳукуматини танқид қилганларни қўллашга бағишламоқчи эди.
Иккинчи митингни фаол 24 февралда уюштирмоқчи бўлган, унда у Россиянинг Украинага қарши урушига қарши чиқишни режалаштирган эди. У 24 феврални 2022-йилнинг айнан шу куни Россия Украинага ҳужум бошлагани сабаб танлаган.
17-январда эса Илюшин ҳуқуқ ҳимоячиларига унинг уйига тўрт нафар милиция ходими келгани ҳақида хабар берди. Абдирасулованинг сўзларига кўра, уларнинг адвокати фаолнинг яшаш жойига бориб, «милиция ходимлари уни судраб, Бишкек милиция бошқармасига олиб кетишганига гувоҳ бўлган».
Кейин маълум бўлишича улар экстремизмга қарши курашиш бўлимининг ходимлари экан. Натижада фаол Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
«Бу шахсий хавфсизлиги учун мажбурий чора бўлди, акс ҳолда уни экстремизм бўйича жиноий жавобгарликка тортиб, ундан кейин депортация қилинган бўларди», — деб тушунтирди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Абдирасулова Украинадаги урушга ёки Россиянинг сиёсатига қарши Қирғизистонда тинч митингларга чиқишни истаган россияликларга нисбатан экстремизм бўйича жиноят ишини қўзғаш ҳаракатлари бўлган ҳолатлар унинг иш тажрибасида аввал ҳам бўлганини қўшимча қилди.
Тимофей Илюшин нима дейди?
Илюшин Россиянинг SOTA нашрига берган интервьюсида аввал унга Бишкек шаҳар ИИБдан телефон қилиб, милиция бўлимига чақиришганини айтиб берган. Милиция ходимлари, унинг айтишича, «мазкур тинчлик митинги ҳақида суҳбатлашмоқчи» бўлишган.
Фаол бунга рози бўлган, аммо эртасига уйига милиционерлар келишган. Милиционер ундан адвокатларга қўнғироқ қилмасликни илтимос қилиб, «шунчаки ўтириб гаплашамиз» деб айтишган. Юрист келгандан кейин улар ШИИБга кетишган.
ШИИБга кетаётганда милиционерлар активистдан қаерда туғилганини, Қирғизистонга нима учун митинг ўтказиш бўйича баёнот қилганини ва нимага Қирғизистон билан Россияни уриштиришни истаётганини сўрашган. Милиция бўлимидан Илюшинни турли иш кабинетларига олиб бориб, хусусий характердаги, жумладан митинг ҳақида саволларни беришган.
«Илюшин жиноят ишини очамиз деб қўрқитилган, аммо айнан қандай айб қўйишмоқчи эканликларини айтишмаган. Рус фаоли бегона ерда нима иш бўлмасин “илиб” қўяди, ҳеч кимга мурожаат қила олмай қоламан деб қўрқа бошлаган», — деб нашр баён қилиб берди Илюшиннинг интервьюсини.
Бундан ташқари, нашрнинг маълумотига кўра, ШИИБдагилар фаолдан ижтимоий тармоқдаги саҳифаларининг ҳаволасини талаб қилишган, аммо Илюшин беришдан бош тортган. Фаол милиция бўлимидан Қирғизистонда нима иш қилишини, нима учун митинг ўтказмоқчи бўлган ҳақида тушунтириш хати ёзиб бергандан кейингина кетган. Шу билан бирга фаолни қонунбузарлик қилганини тан олиш ва Қирғизистондан чиқиб кетиш ваъдасини беришга мажбур қилишган.
«Клооп» фаолнинг қўлга олиниши бўйича Бишкек ШИИБга 17-январдан бери мурожаат қилиб кўрди, аммо материал эълон қилиниши вақтида Илюшин бўйича изоҳ ололмади.