Нурсултон Назарбоев юрагидан операция бўлди

166

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг юраги операция қилинди, дея маълум қилди унинг матбуот котиби Айдос Укибай.

«Нурсултон Назарбоевнинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Операция муваффақиятли кечди. Биринчи президентнинг ҳаётига нисбатан хавф йўқ. Ҳозир у кузатув остида», — деб ёзди Айдос Укибай Twitter’да.

Унинг сўзларига кўра, операция Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида таниқли кардиожарроҳ Юрий Пя раҳбарлиги остида ўтказилган.

Аввалроқ Нурсултон Назарбоев касалхонага тушгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Қозоғистон биринчи президенти 1940 йил 6 июль куни туғилган бўлиб, айни пайтда 82 ёшда.

2021 йил охирроғида берган интервьюсида Назарбоев умуртқасини операция қилдиргани давлат раҳбари лавозимидан кетишининг сабабларидан бири эканини тан олганди. «Аввал бу ҳақда умуман гапирмаганман, бу ўзига хос шовшувли янгилик бўлади. Мен умуртқамни, белимни операция қилдирганман ва жарроҳлик амалиёти анча жиддий эди», — дея ҳикоя қилган Назарбоев «Хабар» телеканалида 2021 йил 21 октябрь куни эфирга берилган «Портретга чизгилар» ҳужжатли фильмида.

Назарбоев соғлиғи билан боғлиқ муаммолар катта оммавий тадбир вақтида 2011 йилда кузатила бошлагани ҳақида ҳам гапирган.

Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 март куни президентлик лавозимидан кетиши ҳақида эълон қилган ва эртаси куни давлат раҳбари сифатида ўз ваколатларидан воз кечиши ҳақидаги фармонни имзолаган.