Ҳукумат суперкомпьютер сотиб олди. У қанча туради ва нима учун керак?

238

Вазирлар Маҳкамаси дастурий таъминот ва график процессорлар ишлаб чиқарувчи дунёга машҳур  NVIDIA компаниясидан суперкомпютер харид қилди. Оддий компьютер фойдаланувчиси ушбу компанияни видео карталардан билиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси маълумотларига кўра,  NVIDIA’дан суперкомпьютер давлат тилини ривожлантириш дастури доирасида харид қилинган. Суперкомпютер Давлат тили бўйича миллий комиссия ва «Улут Софт» компанияси томонидан «қирғиз тилида ахборотни қайта ишловчи сунъий интеллектни жорий этиш» лойиҳаси доирасида қўлланилиши режалаштирилган.

«Келажакда сунъий интеллект матнни нутққа, нутқни матнга айлантириш, матнларни таҳлил қилиш ва тузиш имконини беради. Ушбу дастурлардан илмий-таълим, стенография, оммавий коммуникациялар соҳасида фойдаланиш мумкин», — дейилади Вазирлар Маҳкамаси хабарида.

Суперкомпютер тақдимотида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари Эдил Байсалов ушбу лойиҳа «мамлакат учун катта стратегик аҳамиятга эга», шунингдек, «қирғиз тилини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш учун» эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, суперкомпьютерни сотиб олиш тўғрисида Президент Садир Жапаров қарор қабул қилган.

«Биз турли технологик ёрдамчилар ҳам қирғиз тилида гаплашишига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Бу барчамиз учун муҳим, лекин айниқса ногиронлар учун. Суперкомпютер маҳаллий илм-фан ва иқтисод манфаатлари йўлида кунига 24 соат ишлаши керак. Ускуналардан давлат идоралари, таълим муассасалари ва манфаатдор шахслар фойдаланиши мумкин», — деди Байсалов.

Хўш, Вазирлар Маҳкамаси нимани сотиб олди?

Вазирлар Маҳкамаси NVIDIA суперкомпьютерининг батафсил техник тавсифларини тақдим этмади ва унинг нархини ҳам ошкор этмади. Байсалов мақтана олган ягона нарса бу суперкомпьютернинг қуввати 1 петафлопс эканлиги бўлди.

Бироқ Байсаловнинг сўзларини текшириб, хулоса қилишимиз мумкинки, Вазирлар Маҳкамаси NVIDIA DGX-1 суперкомпьютерини сотиб олган. Компаниянинг ўзи уларнинг маҳсулоти «чуқур ўрганиш вазифалари учун энг тезкор мураккаб тизим» эканлигини айтади.

Компания маълумотларига кўра, тизим нейрон тармоғини ўқитиш самарадорлигини ошириш учун юқори ўтказувчанликни таъминлаш учун қурилган. Бундан ташқари, NVIDIA уларнинг маҳсулоти «бозордаги бошқа шунга ўхшаш тизимларга қараганда юқори ишлашни таъминлайди» деб даъво қилмоқда.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, NVIDIA DGX-1 суперкомпьютерининг тахминий нархи 149 000 долларни ташкил қилади.

1 петафлоп кўпми ёки озми?

Тушуниш учун: 1 петафлоп 1024 терафлопга тенг - бу компьютер сонияда 1 квадриллион амални бажаришга қодир эканлигини англатади. Таққослаш учун Microsoft компаниясининг сўнгги авлод ўйин консоллари Xbox series X ни келтириш мумкин.  Компаниянинг билдиришича, мазкур консоль 12 терафлопс қувватни беради.