Ақилбек Жапаров: Майлу-Суудаги авария факти бўйича жиноий иш қўзғалди

261

Совуқ ҳавода аҳоли иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолган Майлу-Суда содир бўлган авария факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасиинг етакчиси Ақилбек Жапаров ташрифи чоғида маълум қилди.

Жапаров Майлу-Суда маҳаллий аҳоли билан учрашиб, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда авария оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот қабул қилди.

«Ушбу аномал совуқ ҳаводаги вазиятингиз қандай экани ошкор. Сиз ёлғиз эмассиз. Иссиқлик ва сув таъминотини имкон қадар тезроқ тиклаш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. Қўшимча трансформаторлар ўрнатилиб, ҳар бир хонадонга навбат билан сув етказиб берилмоқда. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда ва диққат билан ўрганилади. Прокуратура аллақачон жиноий иш қўзғатган, айбдорлар жавобгарликка тортилади», — деган Жапаров.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, сув иситгичларини бериш учун оилалар рўйхатини тузиш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, маълумотга кўра, таъмирлаш ишлари учун бюджетдан 20 миллион сом ажратилади. Шу билан бирга, Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Урматбек Шамиркановнинг қўшимча қилишича, шаҳарнинг иссиқлик қувурларининг эскириш ҳолати 70 фоиздан ортган.

Аввалроқ депутат Нуржигит Қадирбеков Майлу-Суудаги вазият бўйича комиссия тузишни таклиф қилган эди.

Майлу-Суудаги авария

Жалолобод вилоятининг Майлу-Суу шаҳри 13 январь куни иссиқлик ва сувсиз қолган. Қаттиқ аёз туфайли сув қувурларининг музлаб қолиши натижасида уйларга иссиқлик ва ичимлик суви оқиб келмай қолган. Оқибатда шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ҳодиса бутун Қирғизистон бўйлаб кучли совуқлар даврида юз берган. Жалолобод вилоятида ҳаво ҳарорати кечаси -20°C гача пасайган.

16 январдан бошлаб Таълим вазирлиги шаҳардаги барча мактабларни вазият барқарорлашгунга қадар онлайн таълимга ўтказган.

Шу куни Майлу-Суу аҳолиси митингга чиқиб, президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга мурожаат қилган. Улар губернатор давлат телеканалларига берган интервьюсида аҳолининг 70 фоизига иситиш тизими қайтарганлиги ҳақида ёлғон маълумот берганидан шикоят қилишган.