Қирғизистоннинг қочоқ собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг рафиқаси Назгул Толомушованинг ўлими ҳақида маълум бўлди. Бу ҳақда бир қатор ОАВлар Бакиевларга яқин манбаларга ёки Толомушеванинг ҳамқишлоқларига таяниб ёзишди.
«Азаттык»нинг маълумотига кўра, 47 ёшли Назгул Толомушова касаллик туфайли Минскда вафот этган. Ҳозир Жалолобод вилоятининг Қозарман қишлоғида унинг дафн маросимига яқинлари ҳозирлик кўрмоқда. Қурманбек Бакиев дафн маросимида иштирок этадими ёки йўқми номаълум.
Тўғуз-Торо туманидаги Тўломушовалар оиласи хонадонининг ҳовлисига ўтов ўрнатилди. Толомушованинг яқинларига кўра, унинг жасади аллақачон Қирғизистонга етказилган.
2016 йилда Назгул Толомушова Беларус президенти маъмуриятига расман тегишли бўлган "Отель Минск" корхонаси директори этиб тайинлангани хабар қилинганди. Қирғизистондан Бакиев билан қочиб кетганидан бир йил ўтиб, Толомушова «Аят» газетасига 1995 йилдан бери Қурманбек Бакиев билан бирга яшаб келаётганини, уларнинг оиласида икки фарзанди борлигини айтди.
Қурманбек Бакиев 2005 йилда март инқилоби натижасида ҳокимиятга келган, 2010 йил апрель воқеалари чоғида ҳокимиятдан ағдарилган. Қурманбек Бакиев режимига қарши намойиш чоғида 90 киши ҳалок бўлган. Кейинроқ Бакиев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этиб, Беларусдан бошпана олди.
Қирғизистонда Қурманбек Бакиев сиртдан 30 йилга, унинг укаси, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Жаниш Бакиев умрбод қамоқ жазосига, ўғли Марат эса 30 йилга озодликдан маҳрум этилди. Кичик ўғли Максим Бакиев бир қатор жиноятларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинган.
Бакиевнинг тахтдан қулатилиши
Қурманбек Бакиев 2005-йил март инқилобида ўша вақтдаги президент Ақар Ақаев тахтдан қулатилгандан кейин ҳокимиятга келган.
Бакиев бошқариб турган давр сиёсий асосда одам ўлдириш, ўғли Максимнинг рейдерлик иши, авторитаризм, журналистларни қўрқитиш ва ўлдиришлар билан маълум.
2010-йилнинг 7-апрелида 87 киши ҳалок бўлган халқ революциясининг натижасида Бакиев тахтдан қулатилган. Унинг ўрнига ҳокимиятга Роза Отунбаева бош бўлган муваққат ҳукумат келган. Бакиев эса оиласи билан Белорусияга қочиб, ҳозиргача ўша ерда яшаб, фуқаролик олган.
2016-йили суд қочқин президент Қурманбек Бакиевни апрель инқилоби бўйича сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилиб, қидирув эълон қилган. Укаси Жаниш Бакиев сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўғли Максим мулкини мусодара қилиш билан сиртдан шундай муддатга кесилган.
Қирғизистон ўн йилдан бери собиқ президентни ва унинг оиласини экстрадициялаш ҳаракатини қилиб келади, аммо ҳозирча бундан натида чиққани йўқ.
«Бош прокуратура бир неча бор хат жўнатган. Аммо мазкур давлат бош тортганидан, уларни мамлакатга қайтариш ҳозирча мумкин бўлмаяпти», — деган 2022-йилнинг 6-апрелида бош прокурор Курманкул Зулушев.