Ўшдаги УЖГ аъзосининг ўлдирилиши. Криминал авторитет «Женго» икки ойга қамалди

210

Уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) лидери, Женго лақаби билан машҳур Қадир Досонов икки ойга ҳибсга олинди. У  «қарама-қарши» уюшган жиноий гуруҳ аъзосини ўлдиришни уюштирганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 16-январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев маълум қилди.

Абдиевнинг сўзларига кўра, икки гуруҳ ўртасидаги можарога «таъсир доираларининг қайта тақсимланиши» сабаб бўлган.

«Жабрланувчи қарама-қарши уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган [...] Биз биринчи ва иккинчи гуруҳни гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш ва тарқатишда гумон қилмоқдамиз», - деди Абдиев.

Унинг қўшимча қилишича, ўлдирилган Асан Нурсултон уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида Ички ишлар вазирлигида рўйхатга олинган, у бир неча бор судланган ва гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғуллангани учун жиноий иш қўзғатилган. 

Бундан ташқари, вазир ўринбосари қотилликда гумон қилинган бошқа шахсларнинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳам гапирди. Булар: Эламан Коргонбай уулу, Ақилбек Раимберди уулу, Нурбек Чубаков, Курсанбек Шокир уулу, Актилек Абдивали уулу. Улардан тўрт нафари муқаддам оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган. Яна бир гумонланувчи Эрбол Асан уулу эса қидирилмоқда.

«Жиноий гуруҳлар кўпаймоқда, дейиш нотўғри. Курашиш учун етарли кучимиз бор. Ҳозир президент [Садир Жапаров] буйруғи билан биз назоратни кучайтирдик, шунинг учун иш кўпаймоқда», дея хулоса қилган Абдиев.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзосининг ўлдирилиши

12-январдан 13-январга ўтар кечаси Ўш шаҳрининг Қурманжан Датка кўчасидаги банк ёнидан 29 ёшли эркакнинг жасади топилган. 13 январ куни тушдан кейин ижтимоий тармоқда бир гуруҳ номаълум шахслар арматура ёки таёққа ўхшаш нарсалар билан одамни калтаклаб ўлдирган видео тарқалган.

Шу куни 27 ёшли эркак пичоқ жароҳатлари билан оғир аҳволда шифохонага етказилган. Милиция марҳум уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси сифатида рўйхатга олинганини маълум қилган.

Мазкур факт бўйича милиция “Қотиллик» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиб, Женго лақабли криминал авторитет Қадир Досоновни қўлга олган.

Женго ким?

Қадир Досонов уюшган жиноий гуруҳлардан бирининг етакчиси сифатида танилган. Илгари у бир неча бор ҳибсга олинган, бироқ суд Досоновни оқлаб, озодликка чиқарган.

2022-йилнинг июн ойида Қорасув туман суди Досоновга нисбатан «Ерни ноқонуний эгаллаб олиш» моддаси бўйича жиноят ишини тугатиб, «Жиноий даромадларни легаллаштириш» моддаси бўйича жиноят таркиби йўқлиги сабабли уни оқлаган.

Ўтган йилнинг 30 сентябрь куни Олий суд Досоновга нисбатан жиноят ишини аввалги инстанция ҳукмларини бекор қилиб, янги суд муҳокамасига юборгани маълум бўлган.