Милиция Жайил туманидаги касалхонада вафот этган 7 ёшли қизнинг ўлими бўйича терговга қадар текширув бошлади. Бу ҳақда «Клооп»га Чуй вилояти милициясининг матбуот хизматидан билдиришди.
Маълумотга кўра, 14-январ куни кечки пайт Жайил тумани шифохонасининг жонлантириш бўлимига бронхопневмония, нафас олиш етишмовчилиги дастлабки ташхиси билан етти ёшли қиз ётқизилган.
«Реанимация бўлимида бўлганида, интенсив терапияга қарамай, 2023-йил 15-январ куни соат 10:05 да қиз вафот этган», — дейилади милиция хабарида.
Аввалроқ, Жайил туман касалхонасининг раҳбари Айнура Имашева журналистларга марҳум қиз кам овқатланганидан ориқлаган, организмига сув етишмаган, ўта оғир аҳволда келиб тушганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, қизнинг вазни атиги 12 килограмм бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрларига кўра, бу ёшда қизнинг вазни камида 16-17 килограмм бўлиши керак.
«Шифокорларнинг айтишича, қизнинг отаси болаларга қарамайди, онаси Россияда», — деб билдирган Имашева.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизматидан ҳозирча изоҳ олиш имкони бўлмади.
Қора-Балта шаҳар мэриясидан 24.kg нашрига қизнинг оиласи Жайил туман социал ҳимоя ва меҳнат бошқармасида кўп болали ва кам таъминланган оила қатори рўйхатда турганини билдиришган.
Уларнинг маълумотига кўра, оилага декабрда мэриядан кўмир ва 50 кг ун олишга 5 минг сом берилган. Оилага болалар учун кийим-кечак ҳам таклиф қилинган, аммо қизнинг онаси ундан бош тортган.