Жапаров билан Рахмоннинг суҳбати: Қирғиз-тожик чегарасининг 63%и аниқлангани хабар қилинди

142

Президентлар Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон қирғиз-тожик чегарасининг 625 километри ёки 63 фоизи аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда 14-январ куни давлат раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида айтиб ўтишди.

Жапаров ва Раҳмон барча мавжуд муаммоларни «фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан» ҳал этиш зарурлигини таъкидлаб, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар фаоллашишини маълум қилди.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари бир-бирларини Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табрикладилар.

Президентлар қирғиз-тожик муносабатларининг бундан кейинги ривожланиши Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилишини қайд этишди.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўлиқ миқёсли қуролли тўқнашувлар 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган. Жанглар бутун давлат чегарасининг периметри бўйлаб олиб борилган. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қуролли тўқнашувлар натижасида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бироқ «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг Тожикистондаги бюроси) ўз манбаларига таяниб, 81 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини тузган.

Ҳар икки томон бир-бирини режаланган ҳарбий тажовузда айбламоқда.