Энергетика вазирлиги: Хитой компанияси Орто-Токой сув омборида кичик ГЭС қуради

180

Хитойнинг  China National Heavy Machinery Corporation корпорацияси Орто-Токой сув омборида кичик ГЭС қуради, деб хабар берди Қирғизистон Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.

Янги станциянинг қуввати 21 МВтни ташкил қилади.

Қирғизистон ҳукумати ва Хитой компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум 13 январ куни имзоланган эди. Ҳужжатни имзолашда Энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Иқтисодиёт вазири Данияр Амангелдиев, Молия вазирлиги молия-кредит жамғармаси раҳбари Жусубали Тўрўмаматов ҳамда Хитой компаниясининг вице-президенти Жен Хенсонг иштирок этди.

Ибраев имзоланган ҳужжатлар мамлакатдаги энергия тақчиллигини бартараф этиш бўйича асосий қадамлардан бири эканлигини таъкидлади.

Энергия танқислиги

Қирғизистон ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби бир неча йиллардан бери электр энергияси тақчиллиги муаммосига дуч келмоқда. Аҳолининг истеъмоли ортиб бормоқда, лекин электр станцияларининг қуввати етарли эмас. Қувватнинг ҳаддан ташқари юкланиши туфайли узилишлар содир бўлмоқда.

Аммо расмийлар муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилиб, янги ГЭСлар қуриш лойиҳаларини бошлади. Масалан, 2023-йил январ ойида Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон “Қамбарота ГЭС-1 қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Бу электр станцияси энг йирик станция ҳисобланиб, Тўқтўғул ГЭСидан ҳам кўпроқ электр энергиясини ишлаб чиқариши кутилмоқда.  

Президент Садир Жапаров Қамбар-Ота-1 яқин 3-5 йил ичида ишга тушишига ваъда берган, гарчи Қирғизистон ҳукумати бу станцияни қуришга 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳаракат қилган бўлса-да.

Бундан ташқари, Жапаровнинг айтишича, айни пайтда мамлакатда 50 га яқин кичик ва ўрта ГЭСлар қурилиши режалаштирилган.