Олий суднинг раиси Замирбек Базарбеков 11-январда Жогорку Кенешнинг йиғилишида депутат Жанар Акаевнинг саволларига жавоб берар экан, Садир Жапаров президент бўлиб сайлангунга қадарги ишини кўриб чиққан судья ва прокурорлар ҳақида айтиб берди.
Акаев қонунга хилоф равишда жиноят иши қўзғатганлар қилмишлари учун жавобгарликка тортилиши кераклиги масаласини кўтарди. Мисол тариқасида у ҳуқуқ ҳимоячиси Комил Рузиев ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевга нисбатан қўзғатилган жиноий ишларни эслаб ўтди.
«Масалан, ўша Садир Жапаров, оқланганми? Уни жавобгарликка тортган прокурорлар, судялар ўзлари жазоландими? Ёки Жапаровдан ҳеч қандай баёнот бўлмагани учун бу иш ҳам жим бўлдими? Ахир у жамоат арбоби. Уни бутун Қирғизистон билади. Масалан, ўша прокурорларнинг тақдири нима бўлади?» — деди депутат.
Базарбеков ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг, судяларнинг ва прокурорларнинг жавобгарлиги борасида Олий суд “ҳеч нарса дея олмайди”, деб жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ишни текшириб бўлгандан кейингина суд ишларни кўриб чиқади.
«Бу [Садир Жапаровнинг] ишида расман қонунга кўра, ҳеч ким жазоланмаган. Албатта, бу президентнинг ўз ҳуқуқи, агар у бизга мурожаат қилса, биз буни кўриб чиқишга мажбурмиз. Аммо бунга алоқадор бўлган прокурор ва судялар ўзларини жазолаб, лавозимидан бўшатишди. Лекин ҳеч ким жавобгарликка тортилмади», — деди Олий суд раҳбари.
Жапаровнинг айбланиши ва оқланиши
Президент Садир Жапаров 2012 йилда “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш” ва “Конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқ” моддалари бўйича айбдор деб топилган эди.
Президентнинг яқин дўсти, ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам худди шу моддалар бўйича айбдор деб топилган. Уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш учун ўтказилган митингда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш билан боғлиқ эди. Акция 2012 йилнинг октябрь ойи бошида бўлиб ўтга ва Оқ уйга бостириб киришга уриниш билан якунланган - намойишчилар ва сиёсатчилар бино панжарасидан ошиб тушишган.
Бишкек шаҳар суди 2013-йили ата-юртчиларни ҳокимиятни зўрлик билан босиб олиш моддаси бўйича оқлаб, конституциявий тузумни куч билан ўзгартириш истаги учун уларга қарши жиноий таъқиб қилишни тўхтатган.
2020-йилнинг октябрида эса, Жапаров озодликка чиқиб, ҳокимият тепасига келганида, Олий суд бошиданоқ ўзларини айбдор деб ҳисобламаган сиёсатчиларни тўлиғича оқлаган.
Бундан ташқари, Жапаровга қарши 2013 йили одамни гаровга олиш иши бўйича ҳам қўзғалган жиноят иши бор эди. Иссиқкўл вилоятида “Қумтор”ни миллийлаштириш учун ўтказилган митинг чоғида Жапаровнинг тарафдорлари маъмурият биносини эгаллаб олиб, ўша вақтдаги губернатор Эмилбек Каптагаевни гаровга олишган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг версиясига кўра, Жапаров намойишни молиялаштирган ва намойишчиларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириб турган.
Бу борада жиноий иш қўзғатилганидан сўнг, “Ата-Журт” партиясидан собиқ депутат Жапаров мамлакатни тарк этган. 2017 йилда Жапаров келганидан кейин у дарҳол ҳибсга олинган. Судда Каптагаев Жапаровнинг ёнини олган, аммо бу унга ёрдам бермаган.
Жапаров 11,5 йилга қамалган, Олий суд қароридан кейин эса жазо муддати 10 йилга қисқартирилган. У муддатини охиригача ўтамади: 2020-йил 6-октябрга ўтар кечаси Бишкекдаги тартибсизликлар вақтида Жапаровнинг тарафдорлари уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан озод қилишди.