Бир иқтибос билан: Божхона раҳбари муассаса салбий имиджидан халос бўлишига ваъда берди

138

Давлат божхона хизматининг етакчиси Самат Исабеков муассасадаги коррупцияни бартараф қилишга ваъда берди. Бу ҳақда у 12-январдаги матбуот анжуманида билдирди. 

 


«Халқ ичида Давлат божхона хизматининг салбий образи бор, ундан қутилиш учун муддат керак. [...] Биз коррупцияни туб-томири билан йўқотишга ҳаракат қиламиз», — деб ишонтирди у.


2022-йилнинг ноябрь ойи охирида вазирлар маҳкамасининг етакчиси Акилбек Жапаров божхона хизматини танқид қилиб, муассасада «жиддий» реформалар кутилаётганини билдирган.

Божхонадаги коррупция

Божхона хизмати мамлакатдаги энг коррупциялашган давлат идораларидан бири бўлиб ҳисобланади. Энг шов-шувли коррупция жанжали OCCRP, «Азаттык» ва «Клооп»ни суриштирувларининг бош фигуранти, божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга боғлиқ бўлган. 

Журналистлар Матраимов божхонада ишлаган 10 йил ичида Хитойдан хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдуқодир билан коррупцион схемани йўлга қўйганини аниқлашган. 

Матраимов Абдуқодирнинг оилавий кланига Хитойдан Қирғизистонга, ундан нари Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига юкларни ноқонуний ташишга ёрдам бериб, бу орада оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «хайр-эҳсонларни» олиб юргани аниқланган. Журналистлар шу йўл билан Қирғизистондан 700 млн доллар чиқарилиб кетганини исботлашган. 

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупцион схемалар орқали айнан қанча пул топгани бугунги кунгача номаълум. Аммо собиқ божхоначининг оиласи тезлик билан бойиб кетгани ошкора — масалан, журналистлар Матраимовнинг Қирғизистондаги ва унинг ташқарисидаги қимматбаҳо кўчмас мулкларини топишган. АҚШда Матраимов ва унинг турмуш ўртоғи санкцияланган «Магнитский рўйхатига» киргизилган.

2021-йилнинг бошида Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима тўлаш ҳукмини чиқарган. Божхона етакчисининг собиқ ўринбосари ҳам коррупцияни тан олиб, бюджетга етказилган зарарнинг ўрнини тўлдириш учун 2 млрд сом тўлаган.