Ташиев чегара жанжалида қурбон бўлган ҳарбийларга бағишлаб китоб чиқаришни топширди

212

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Боткен вилоятидаги сентябрь ойида бўлган қирғиз-тожик қуролли тўқнашувида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг хотирасига бағишлаб китоб чиқаришни топширди. Бу ҳақда 11-январда муассасанинг матбуот хизматидан билдиришди. 

Ташиев бу топшириқни 10-январда ўтган кенгашда бергани айтилади. 

МХДҚдан китобни барча ўрта мактабларга ва олий ўқув юртларига тарқатиб бериш режалаштирилаётганини билдиришди. Бундан ташқари, китоб Таълим вазирлигининг ўқув дастурига ҳам киргизилиши мумкин. 

Шунингдек Ташиев кенгашда китобни чиқаришга «жиддий масъулият билан муомала қилишни» ҳамда ишни 2023-йилнинг 31-августига қадар ёки қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқанушвнинг бир йиллигига қадар битиришни топширган. 

«Ўқувчиларнинг (ҳусусан ёш авлодларнинг) ватанпарварлик туйғуларини ва ҳалок бўлган аскарларга бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш мақсадида тўқнашув бўлган ерларда иш олиб бориш, урушга бирга қатнашган дўстлари, командирлари билан суҳбатлашиш таклиф қилинди», — деб айтилади маълумотда. Шу билан бирга китобни амалга ошириш тижорий мақсадни кўзламаслиги кераклиги таъкидланади. 

Сентябрдаги қуролли тўқнашувда вафот этган ҳарбийларнинг Миллий тарих музейидаги портретлари. Сурат: Гулжан Турдубаева / «Азаттык».

Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг портретлари бунга қадар Миллий тарих музейига ўтказиб берилган . 23-декабрда у ерда вафот этган ҳарбийларга бағишланган хотирлаш тадбири ўтган. 

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўлиқ миқёсли қуролли тўқнашувлар 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган. Жанглар бутун давлат чегарасининг периметри бўйлаб олиб борилган. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қуролли тўқнашувлар натижасида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бироқ «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг Тожикистондаги бюроси) ўз манбаларига таяниб, 81 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини тузган.

Ҳар икки томон бир-бирини режаланган ҳарбий тажовузда айбламоқда.