Депутат Эмил Жамғирчиев Қирғизистоннинг ҳудудидан чиқмаганини айтди

299

Жогорку Кенеш депутати Эмил Жамғирчиев аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар қилганидек, Қирғизистон ҳудудини тарк этмаганини айтди. Бу ҳақда у 31 декабрь куни Facebook'даги саҳифасида ёзган.

Жамғирчиевнинг сўзларига кўра, отасининг оғир касаллиги туфайли у оилавий сабабларга кўра тўловсиз таътилга чиққан.

“Ҳозирда отамнинг аҳволи оғир, яқинда юрагидан оғир операция қилинган. Оддий ҳаётга қайтиш учун жуда узоқ реабилитация (3 ойгача) талаб қилинади, чунки тананинг бутун ўнг томони қисман фалаж бўлади. Шу сабабдан мен Жогорку Кенеш спикери номига оилавий сабабларга кўра ҳақ тўланмайдиган таътил бериш тўғрисида хат ёздим, чунки кенжа укам вафот этганидан кейин уни боқадиган ягона ўғил мен қолдим”, — деб ёзади Жамғирчиев.

Унинг қўшимча қилишича, у ҳозир Норин вилоятида бўлиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтмаган. Алоқага чиқмаслик сабабини эса касал эканлиги билан изоҳлаган.

2022-йил 26-декабрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жамғирчиев ноқонуний равишда мамлакатни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар бериб, депутатнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлган фуқаролардан махсус хизмат навбатчилик бўлимига хабар беришларини сўраган.

Бундан аввал депутат Элвира Сурабалдиева 27 ноябрь куни Жамғирчиев Қирғизистон-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлганида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Унинг айтишича, Жанар Акаев бошчилигидаги “Алянс” фракциясининг депутати Чингиз Айдарбеков ҳам ғойиб бўлган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Айдарбеков режали тиббий кўрикдан ўтиш учун хорижда бўлган.

Хабар қилинишича, қўлга олинганидан сўнг Жамғирчиев Бишкекка олиб кетилиб, кейин қўйиб юборилган. 28 ноябрь куни депутат Жанар Акаев “Жамғирчиевга нисбатан жиноий иш қўзғатишга уринишлар қилинаётганини” маълум қилиб, буни “У Кампиробод сув омбори бўйича келишувга қарши овоз бергани” билан боғлаган.

Жамғирчиев ва Айдарбеков Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳақидаги келишувга қарши овоз берган 18 депутатнинг қаторида бўлган. Кейинроқ Акаев Жамғирчиевнинг уйи ва машинасида тинглов ускуналари топилганини маълум қилган. Бунга жавобан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Акаевнинг баёнотини текширишларини маълум қилган эди.

6-декабрда эса Бош прокурор Жамғирчиевни оқлаган суднинг ҳукмини бекор қилишни талаб қилиб, Олий судга мурожаат қилган. Бунга жиноят иши бўйича янги очилган вазиятлар сабаб бўлгани айтилган.