Бишкекда «юқори мартабали амалдор» фарзандининг ўлими юзасидан беш шифокор ҳибсга олинди

272

Шаҳар тез тиббий ёрдам болалар клиник шифохонаси ва Она ва болани ҳимоя қилиш миллий марказининг беш нафар шифокори 10 январга қадар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Улар ўз касбий вазифаларини лозим даражада бажармаганликда айбланмоқда.

Бундай қарорни Бишкекнинг Ленин туман суди чиқарган. Худди шу ҳолат юзасидан яна бир тиббиёт ходими уй қамоғига олинди.

Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаровнинг укаси Нурлан Жапаровнинг набираси вафот этгани ҳақида ҳибсга олинган шифокорлардан бирининг қариндоши «Клооп»га махфий тарзда гапириб берди.

«Ҳеч кимга айтманглар, у амалдорнинг набираси, уларни қамаш учун барча нарсани қилишади деб айтиб беришди. 30-декабрда ёпиқ тартибда суд бўлиб, бизни у (шифокор) билан гаплаштиришмади», — деди шахсий манбамиз.

Унинг сўзларига кўра, болалар шифохонасига қорин оғриғи билан уч ёшли бола олиб келинган ва аппендицитга шубҳа билан даволанаётган беморлар бўлимига юборилган.

«Кейин эндокринологга мурожаат қилишимни айтишди, чунки боланинг қонида қанд миқдори кўп, юрагида муаммо бор шекилли. Бироқ ота ўз ихтиёри билан уни Жал касалхонаси (Она ва болани ҳимоя қилиш миллий маркази) эндокринологига олиб борган ва бола ўша ерда вафот этибди», — деди [шифокорнинг] қариндоши.

Тиббиёт касаба уюшмаси раҳбари Бермет Бариқтабасова ҳам шифокорларнинг оммавий ҳибсга олинишига “юқори мансабдор шахс” ўғлининг ўлими сабаб бўлганини ёзган.

«Қирғизистон тарихида биринчи марта ўлган боланинг қариндошлари юқори мартабали одамлар бўлгани учун айби исботланмаган ҳолда ҳибсга олинди. Шифокорларга тўғридан-тўғри “қамоқда чириб кетамиз”, “дипломларингизни олиб қўямиз” дейишди [...] Ҳибсга олинган шифокорлар ҳар кўп йиллар давомида болалар ҳаётини сақлаб қолишда катта тажрибага эга. Улар орасида кекса шифокорлар ҳам, ёш шифокорлар ҳам бор. Уларни оилалари, фарзандлари кутмоқда», — деб ёзади Бариқтабасова.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати шифокорларнинг ҳибсга олинишига изоҳ беришдан бош тортди.

Милиция эса бола 2022-йил 13-ноябрь куни эрталаб соат 07:00 да қорин оғриғи билан касалхонага олиб келинганини, соат 12:30да эса бошқа шифохонанинг жонлантириш бўлимига ўтказилганини ва у ерда вафот этганини айтди.

Бариқтабасованинг айтишича, бола биринчи бўлиб олиб кетилган шифохона шифокорлари операция қилиш учун сабаб топа олмагани боис, уни кейинги текширув учун Жал шаҳридаги Она ва болани ҳимоя қилиш марказига юборишган.

«Қорин оғриганда, шифокорлар дарҳол нима бўлаётганини кўради ва муаммони дарҳол ҳал қилиш учун диагностик операция – лапаротомияга боради. Баъзида бу аппендикс бўлиши мумкин, баъзида тиқилиб қолиш, ўсимта ва бошқалар бўлиши мумкин. Улар шунчаки операция қилинмайди. Аммо бу сафар операция ўтказилмади, чунки шифокорларнинг сўзларига кўра, бундай кўрсатмалар йўқ эди. Улар болани яна текшириб кўрмоқчи бўлишди, ўшанда болада перитонит ва сепсис бор эди», — деб айтиб берди тиббиёт касаба уюшмасининг раҳбари.

Касбий бурчларини лозим даражада бажармаганликда айбланиб ҳибсга олинган шифокорлар 50 минг сомдан 100 минг сомгача жаримага тортилиши ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.