Сиёсий можароларга ва ҳайратланарли воқеаларга тўла 2022-йил ниҳоясига етмоқда. «Клооп» ортда қолаётган йилда қирғизистонликларни (нафақат уларни) ташвишга солган воқеаларни ёдга олади.
Қозоғистондаги январь воқеалари
Январнинг илк кунларида Қозоғистоннинг шаҳарларида газнинг нархи қимматлагани сабаб норозилик акциялари бошланди. Иқтисодий талаблар тезда сиёсийлашиб, норозиликка чиққанлар ҳукуматнинг истеъфосини ҳамда биринчи президент Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.
5-январда қозоқ ҳукумати истеъфога чиққан, аммо бу норозиликлар тўлқинини тўхтата олмаган, аксинча полиция билан қуролли тўқнашув бўлган. Энг оғир ҳолат Олматида пайдо бўлган. Бу вазият фонида президент Қасим-Жомарт Токаев норозиликка чиққанларни «террорист» деб атаб, уларни огоҳлантиришсиз отишга буйруқ бериб, КХШТдан ёрдам сўраб мурожаат қилган.
6-январда қозоқ куч идоралари «антитеррор операцияси» деган важ билан Олматида намойишчиларга ўқ ота бошлаган. Унда жами 238 киши ҳалок бўлган. Уларнинг ичидан 149 киши, Бош прокуратуранинг фикрича, «ҳукумат биноларига ҳужум қилишда иштирок этган», 20 киши эса «тасодифан» ўққа учган.
Европанинг парламенти ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Қозоғистонда «тинч акциядан сўнг бошланган оммавий зўравнлик актларини» айблаб, воқеанинг келиб чиқиш сабабларини синчиклаб мустақил текширувни талаб қилишган. Аммо Токаев халқаро терговдан бош тортган.
Январь воқеаларининг натижасида полиция 5 300дан ортиқ жиноят ишини қўзғаган, унинг ичидан 200 нафари — одам ўлимлари факти бўйича қўзғалган. Ўтиб бораётган йилда қозоқ судлари январь воқеалари бўйича мингдан ортиқ фигурантга ҳукм чиқаришга улгурган.
Украинадаги уруш
Қозоғистондаги воқеалардан ўзимизга келишга улгурмай Россия 24-февралда Украинага кенг кўламли ҳужум уюштирди. Дунёнинг кўплаб давлатлари Россияга қарши мисли кўрилмаган санкцияларни жорий қилиб, минглаб Россия фуқаролари мамлакатни тарк эта бошлади. Улар қочиб кетган давлатлардан бири Қирғизистон бўлди.
Халқаро молия институтлари Украинадаги уруш туфайли пул ўтказмаларининг камайиши ва инфляциянинг ошиши туфайли Қирғизистонда қашшоқлик даражаси ошишини башорат қилган. Бундан ташқари, жорий йилда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам ошди – Қирғизистон уларнинг асосий қисмини бошқа давлатлардан импорт қилади.
4 декабрь ҳолатига кўра, БМТ маълумотларига кўра, Украинада 6702 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 10 мингга яқин киши жароҳатланган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкинлигини қайд этади. Бу ҳақда Украина ҳукумати ҳам айтиб келади.
Жапаровнинг шоҳона саройи
2022-йилнинг апрелида президент Садир Жапаров, мамлакатдаги иқтисодий инқирозга қарамай, сурдирилган «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг ўрнига ўз администрацияси учун янги бино қураман деб, ҳатто капсуласини солишга ҳам улгурган.
Лойиҳанинг аниқ қиймати номаълум, аммл ҳукуматдагилар янги бинога давлат бюджетидан пул кетмайди, Президентнинг иш бошқармасининг қарамоғидаги 16 гектар ерни «алмашишнинг» ҳисобидан қурилади дейишган. Шу билан бирга ҳукумат қурулишнинг эҳтиёжини мамлакатнинг «обрўсига» тегишли масала, янги, замонавий бино қурилиб қолса чет эллик делегацияларни қабул қилишда «уялиб қолмаймиз» деб важ келтиришга ҳаракат қилган.
Темировнинг ҳибсга олиниши
Қирғиз жамоатчилиги суриштирувчи журналист Болот Темиров ҳибсга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғалиб, айланиб, ҳатто тезда мамлакатдан депортациялангунга қадар деярлик бир йил давомида бу воқеаларни кузатиб турди.
Ҳаммаси январь ойида Темиров гиёҳванд моддалар билан ушланиб, уларни сақлаганликда айбланганидан бошланган. Бу воқеа журналистнинг МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг оиласи бойиб бораётгани ҳақидаги суриштирувини эълон қилгандан сўнг бошланди.
Кўп ўтмай Темиров ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан озод қилинган. Журналист ўзи бир неча бор гиёҳванд моддани тинтув вақтида солиб қўйишганини айтган. Кейин Темировга қирғиз паспортини олишда ҳужжатларни сохталаштирган ва чегарадан ноқонуний кесиб ўтган деган гумон билан яна икки жиноят иши қўзғалган.
Сентябрь ойида эса туман суди терговчини гиёҳванд моддаларни сақлаш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича оқлаган, аммо ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топган. Бироқ суд охирги иш бўйича ишнинг муддати ўтганлиги сабабли жазо белгиламаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларининг қувончида чегара йўқ эди.
Бироқ 23 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди Темировнинг Қирғизистон паспорти ҳақиқий эмас деб топилгани учун уни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган. Милиция журналистни куч билан залдан олиб чиқиб, аэропортга олиб борган ва Москвага энг яқин рейс билан депортация қилган. Ҳукуматнинг бу ҳаракати мамлакатда сўз эркинлиги ва сиёсий таъқиблар кучайгани ҳақидаги миш-мишларни кучайтирган.
Президентнинг бизнес-жетлари
Жапаров ўтган йилдан бери хусусий бизнес-жет ижараси «зарурати»дан, ҳар сафар халқаро сафарларга чиққанида ўн минглаб доллар сарфлаётганидан шикоят қилиб келади.
2022 йилда Жапаров беш марта шахсий самолёт ёллаган. Президент охирги марта шахсий самолётини ижарага олиб, Қатардаги жаҳон чемпионатига борган эди. Расмий маълумотларга кўра, бизнес-жетда бир соатлик йўл нархи камида 6300 еврони ташкил қилади. Расмийларнинг тушунтиришича, бизнес-жетда учиш ҳашамат эмас, балки зарурат, чунки айрим давлатлар аэропорти Қирғизистоннинг эски 1-сонли самолётини қабул қилмайди.
Жапаров маъмурияти парвозлар учун қанча маблағ сарфланганини ҳеч қачон айтмаган, лекин ҳар доим бюджетдан фақат самолёт ёқилғиси учун сарфланаётганини айтади. Аммо унинг нархи ҳозирча номаълум.Бундан ташқари, Жапаров маъмурияти шахсий самолётлардан бирини 25 миллион долларга сотиб олиб, ижарага беришини маълум қилди.
Ҳокимиятнинг бундай эълонлари ва мисли кўрилмаган бюджет тақчиллиги шароитида самолётлар сотиб олишга миллионлаб доллар сарфлаш қарори фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, улар Қирғизистон самолёт сотиб олиш учун ажратилган маблағ эвазига электр энергияси, газ ва кўмир сотиб олиш учун 25 миллион доллар кредит олганидан норози.
Чегара можароси
2022 йилнинг сентябрида қирғиз-тожик чегарасида икки давлат тарихидаги энг қонли қуролли тўқнашув содир бўлди. Бу икки давлат ўртасидаги чегарадаги можарода биринчи марта оммавий ракета тизимлари каби оғир қуроллардан фойдаланилган эди.
Отишма давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб содир бўлган. Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош қишлоқларининг 130 мингдан ортиқ аҳолиси уйларини ташлаб, хавфсиз жойларга кетишга мажбур бўлган.
Қуролли тўқнашувда 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган, 206 нафари эса яраланган. Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 81 кишини ташкил этганини ёзган.
Ҳар икки томон бир-бирини ҳарбий босқинчиликда айбламоқда.
Кампирободни бериш
Кампиробод сув омбори 2021 йилда Ўзбекистонга ўтказилиши ҳақида расмийлар МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев биринчи протоколни имзолаган пайтда эълон қилган эди. Бироқ мамлакат жанубида ўтказилган бир неча митинглардан сўнг бу масала унутилган.
Бу масала 2022 йилнинг сентябрида яна кўтарилган ва шу заҳотиёқ тарафдорларнинг норозилигига сабаб бўлган. Кампирободнинг қўшни давлатга ўтказилишига қарши чиққан фаолларга нисбатан тазйиқлар бошлангани ҳақидаги гаплар айнан ўша пайтда айлана бошлаган.
Бишкекда ҳам ернинг берилишига қарши чиқдилар, ҳатто Кампирободни қўриқлаш қўмитаси тузилди, бироқ унга қўшилганларнинг ҳаммаси қўмита тузилганнинг эртасига қамоққа олинган. Ҳибсга олинган 30 кишининг деярли барчаси фаоллар, сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва блогерлардир. Уларнинг барчаси оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, бир неча ойга ҳибсга олинган.
Ўшандан бери тергов гумонланувчиларнинг оммавий тартибсизлик тайёрлаганликларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил кўрсатмади, фақат маҳбусларнинг митинг ташкил этилишини муҳокама қилаётгани ёзиб олинган аудиоёзувга асосланмоқда. Лекин бу жиноят ҳисобланмайди, аксинча тинч митинглар ўтказиш ҳуқуқи мамлакат Конституциясида кафолатланган.
«Кампиробод иши» бўйича оммавий ҳибсга олинганидан бери кўплаб депутатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар расмийларнинг ҳаракатларини қоралаб келади. Бироқ маҳкумлар очлик эълон қилгани, уларнинг баъзилари ҳолсизланиб, саломатлиги заифлашиб, ҳушини йўқота бошлаганига қарамай, расмийлар қарорини ўзгартиришга шошилмаяпти. Афтидан, улар янги йилни шарт-шароитсиз қамоқхонада ўтказадилар.