Бишкек шаҳрининг мэрияси Баткен воқеасида жабрланганларга ёрдам берди

222
Сурат: Бишкек шаҳар мэрияси

Бишкек шаҳрининг вице-мэри Жиргалбек Шамиралиев бош бўлган муниципалитетнинг ходимлари Баткен вилоятининг чегара ҳудудларини кезиб, болаларга 1 миллион сомлик иссиқ кийимларни ҳамда янги йил совғаларини топширди. Бу ҳақда мэриянинг матбуот хизмати 26-декабрда хабар қилди.

Бунан ташқари, вице-мэр президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Абдикарим Алимбаевга Бишкек шаҳар мэриясининг номидан 500 минг сомлик сертификат топширди.

Маълумот бўйича, Алимбаев пойтахт мэрига ва муниципалитетнинг ходимларига ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди.

Жиргалбек Шамиралиев чегарага яқин жойлашган Достук қишлоғига бориб, мобил уйларда яшаган турғунлар билан ҳам учрашди. Вице-мэр мазкур қишлоқдагиларнинг вазияти билан танишиб, болаларга янги йил совғаларини берди.

Аввалроқ, 13-октябрда пойтахт мэрияси тадбиркорларнинг ёрдами билан Баткен вилоятининг турғунларини 50 мобил уй билан таъминлаган.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўлиқ миқёсли қуролли тўқнашувлар 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган. Жанглар бутун давлат чегарасининг периметри бўйлаб олиб борилган. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қуролли тўқнашувлар натижасида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бироқ «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг Тожикистондаги бюроси) ўз манбаларига таяниб, 81 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини тузган.

Ҳар икки томон бир-бирини режаланган ҳарбий тажовузда айбламоқда.

Боткенни қайта тиклашнинг секин суръати

Вазирлар маҳкамасининг маълумотига кўра, можаро натижасида 661 та уй зарар кўрган, улардан 423 таси яшаш учун яроқсиз, 238 таси таъмирга муҳтож. Шунингдек, 14 та мактаб, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 та маъмурий бино, 1 та кўприк, 197 та уй-жой, 337 та шийпон ва 61 та автомашина вайрон бўлган.

22-сентябрь куни президент Садир Жапаров ҳавонинг совуб кетишидан олдин қисқа муддатда бузилган уй-жойларни тиклаш, бутунлай вайрон бўлган уйлар ўрнига янгиларини қуриш ҳақида кўрсатма берган эди.

Бироқ боткенликлар ҳокимият ҳалигача уйларини тикламаганидан, ваъда қилинган моддий ёрдам берилмаганидан нолиган. Буни вазирлар маҳкамасининг раиси ҳам тан олган.

19-октябрда бўлиб ўтган парламент йиғилишида вазирлар маҳкамасининг раиси барча ишларни янги йилгача тугатишга ҳаракат қилишларини, бунинг учун қурувчилар 2-3 сменада ишлашларини ваъда қилган эди.

12-декабрда меҳнат вазири Кудайберген Базарбаев Боткен вилоятида чегарадаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва жабрланганларга 12 млн 600 минг сом тўланганини билдирган. «Жанжал вақтида қариндошлари ҳалок бўлган 11 оилага 1 миллион сомдан, қариндошлари турли даражадаги жароҳат олган 10 оила бир марталик 100 мингдан 200 минг сомгача миқдорда тўланган», — деган амалдор.

Бундан ташқари, Базарбаевнинг айтишича, вазирлик Боткен вилоятига 1 млрд 600 млн сом миқдоридаги ижтимоий тўловларни бўлиб берган.

Муаллиф: Жиргалбекова Насикат