Мустақил юра олмай қолди — Қамоқдаги Гүлнара Журабаеванинг аҳволи кескин ёмонлашиб кетди

272

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Журабаева ҳолсизлиги ва ҳарорати юқори бўлгани учун камерадан мустақил чиқа олмади, деб хабар берди унинг адвокати Бакит Автандил ўғли.

Унинг айтишича, Журабаева экспертиза тайинлаш бўйича қарорлар билан танишиш учун ИИВнинг Бош тергов бошқармасига бориши керак эди. Бироқ у «соғлиғи сабаб» камерадан ўзи чиқа олмаган.

«ТИЗОнинг тиббий бўлими Журабаеванинг соғлиғи бутунлай ёмонлашгунча унга эътибор бермаган. Тергов ҳаракатлари яна бир кунга қолдирилишга тўғри келди», — деб ёзади Автандил ўғли.

Адвокатлар томонидан қўпол қонунбузарликлар, тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганлиги, терговчилар ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларига бепарволик билан, лозим даражада риоя қилмаслик ҳолатлари юзасидан бир неча бор мурожаат қилган. Шунингдек, терговчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди.

Гулнара Журабаева октябрь ойи охирида Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган 20 дан ортиқ фаол ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири. Тергов уларни оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёрланишда айбламоқда.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмайди ва босим ҳақида гапиради, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланганини даъво қилади. 14 декабрь куни ҳибсга олинганларнинг баъзилари 20 февралгача тергов изоляторида қолиш қарорига жавобан сиёсий очлик эълон қилишди. Расмий равишда, Кампиробод иши бўйича 17 айбланувчи очлик эълон қилган. Бироқ аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова очлик эълон қилганлар сони 19 нафарга етганини маълум қилган эди.

Президент Садир Жапаровдан ҳеч бўлмаганда аёлларни қамоқдан озод этишни бир неча бор сўрашган, бироқ бунга жавобан давлат раҳбари судьялар ишига аралашмаслигини ва «ёлғон гапираётганлар билан тенг бўлишни истамаслигини» таъкидлаган.