Ўш вилоятининг Ўзган тумани, Қизил-Октябрь қишлоғидаги 62-сонли касб-ҳунар лицейи ўқувчилари ўртасидаги муштлашув оқибатида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди. Бу ҳақда 21 декабрь куни «Клооп»га туман милициясидан хабар берилди.
Маълумотларга кўра, 20 декабрь куни соат 21:30 атрофида Қуршабдаги вилоят шифохонаси шифокори 16 ёшли ўсмирнинг ўлими ҳақида милицияга хабар берган.
Воқеа жойига борган милиция ходимлари гувоҳларни сўроқ қилишган. Улардан бири касб-ҳунар лицейининг 3-курсида таҳсил олаётган 17 ёшли ўқувчи 16 ёшли ўсмирнинг кўкрагига мушт туширгани, бола ҳушини йўқотиб, воқеа жойида вафот этганини айтган.
Ўзган туман ИИБ марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланганини қайд этди. Гумонланувчи туман ИИБнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзганда оммавий муштлашувдан қочиб кетаётган 14 ёшли ўсмир жардан қулаб ҳалок бўлган эди. Экспертиза ўсмирнинг жарликдан йиқилиб, олган жароҳатлари оқибатида вафот этганини аниқлаган.
Боланинг ота-онаси экспертиза натижаларига рози бўлмай, қайта экспертиза ўтказишни талаб қилган. Улар «боласини атайлаб туртишган» деб ишонишган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларидан айбдорларни қонун доирасида жазолашни талаб қилишган.
Муаллиф: Каним Кидирова