Ташиев лейкоз билан хасталанган боланинг даволаниши учун пул беришни ваъда қилди

228

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Қамчибек Ташиев даволанишга муҳтож Дайирбек Маматкалевга моддий ёрдам беради. Бу ҳақда «Клооп»га МХДҚнинг матбуот хизмати 20 декабрда хабар қилди.

Маълумотга кўра, ўсмир болага ўткир лимфобластик лейкемия ташҳиси қўйилган. Унинг ота-онаси Ташиев билан учрашиб, болага кимётерапия курси етарсиз бўлаётганини айтган.

МХДҚнинг етакчиси болани Ҳиндистоннинг «Фортис» тиббиёт марказидаги тадқиқотдан ўтказишга ва операция учун барча моддий ёрдамни кўрсатишга ваъда қилган.

Аммо махсус хизматдан боланинг даволанишига қанча маблағ ажратилишини ва маблағ қаердан олинишини ошкор қилишгани йўқ — пул давлатнинг бюджетидан ажратиладими ёки Ташиевнинг шахсий маблағлари ҳисобиданми, ҳозирча маълум эмас.

Қамчибек Ташиевнинг ҳокимиятга келгандан бери муҳтожларга ёрдам бергани ҳақида сурат-видеолари кўпинча ўзининг «Регион» телеканалида эълон қилиб келинади.

Жорий йилнинг 6-мартида ҳам Ташиев кичик-ватани Сузоқ туманининг Барпи қишлоғида бўйрак касалидан жабрланган Гулжан Абдиразак қизига уй қуриб бергани айтилган. Ўшанда ҳам маблағ манбаси номаълумлигича қолган.

Ноябрь ойида эса Ташиев оиласининг ҳисобидан Жалолободдаги тўрт кўчага асфальт тўшаб берган. Жавобан маҳаллийлар томонидан мазкур кўчага Ташиевнинг отаси — Кидирша Ташиевнинг исми қўйилган.

Ташиевлар пулни қаёқдан олади?

Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси нашрларга Қамчибек Ташиевнинг даромади ҳақида «жамоатчиликка эълон қилиш мақбул эмас» деган баҳона билан маълумот беришдан бош тортган.

Бу йл январда Temirov Live ютуб-канали давлат ишхонаси орқали мазут сотиб, 30 млн сомдан ортиқ фойда топган МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ҳақида суриштирув эълон қилган.

Суриштирувда журналист Болот Темиров Қамчибек Ташиев ҳокимиятга келгунга қадар ёқилқи мойи бизнеси билан алоқаси бўлганини, Жалолободдаги нефть заводи унинг қариндошлари номига қайд этилганини, Қазибек Ташиев таъсисчиси, Шайирбек Ташиев эса директор бўлиб ҳисобланишини айтган.

Ташиев эса Темировнинг суриштирувидаги коррупция фактлари «ўйлаб топилганини», оиласида бирор киши ҳам «ҳеч қачон коррупция схемаларига аралашиаганини» билдирган.

Шунингдек у «ҳукуматга келгандан кейин» оила аъзолари тендерларга қатнашмай қўйганини, ўғли эса тендерларга маҳаллий ҳукумат илтимос қилигани учун «ёмон фикри бўлмаган ҳолда» қатнашганини қўшимча қилган.

Муаллиф: Насикат Жиргалбекова
Муҳаррир: Найзабек Мукамбетов