Ўш: Пора таъма қилиш вақтида қўлга олинган милициянинг майори пулни ютиб юборган

219

Ўш вилоятида милиция майори қўлга олиш чоғида унга пора сифатида берилган пулни еб қўйган ва энди у ўз ишини қўшимча терговга топширишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Турмуш» нашри ёзди.

Уларнинг маълумотига кўра, 2017 йилнинг ноябрида ИИВнинг ички тергов хизматига маҳаллий аҳолидан бири автомашинани олиб қўйиладиган жойдан олиб чиқиш учун пора талаб қилган милиция майори устидан ариза билан мурожаат қилган. Мазкур мурожаат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Эртаси куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 100 доллар ва 13 минг сом пора олаётган вақтида Қадамжой тумани терговчиси, милиция майори Б.Н. исмли шахс қўлга олинган.

Иш материалларида  майор «қочиб кетмоқчи бўлгани», шунингдек, далилларни йўқ қилишга урингани айтилади. «У пулни ютиб юборган, кейин эса тергов пайтида қусганда пул чиққан.»

Ҳаммаси бўлиб 13 дона 1000 сомлик банкнот ва битта 100 долларлик купюра олган. Милиция ходими пулнинг қанчасини ютиб юборгани номаълум.

Айбланувчининг ўзи судда шок ҳолатида бўлгани учун ҳақиқатан ҳам пулни ютган-ютмаганини эслолмаслигини айтган. У ўз айбига иқрор бўлмаган, шунингдек, тергов қонунбузарликлар билан олиб борилганини айтган.

Қадамжой туман ва Боткен вилоят суди милиция ходимини айбдор деб топиб, 898 минг сом жаримага тортган. Аммо 2019 йил июль ойида Олий суд аввалги инстанциялар қарорларини бекор қилиб, ишни кўриб чиқишга қайтарган.

2022 йилнинг сентябр ойида туман суди милиционернинг ишини қўшимча тергов ўтказиш учун прокуратурага юборган, бироқ кейинроқ вилоят суди бу қарорни бекор қилиб, ишни биринчи инстанцияга қайтарган.

Айбланувчи Б.Н бу қарордан норози бўлиб, Олий судга ариза билан мурожаат қилиб, прокуратурага қўшимча тергов ўтказишга рухсат беришни сўраган.