Factcheck: Давлат идоралари 1,4 млн сомга ҳаво тозаловчи аппаратларни сотиб олган

273

Factcheck.kg’нинг журналистлари давлат идоралари охирги бир неча йил ичида ҳаво тозаловчи ускуналарга деярлик 1,4 млн сом сарфлаганини аниқлашди.

Уларнинг маълумотига кўра, биринчилардан бўлиб ҳаво тозаловчиларни 2017-йили 41 минг сомга Давлат рўйхатга олиш хизматига қарашли «Инфоком» давлат ишхонаси сотиб олган.

2019-йили Адлия вазирлиги Panasonic F-VXR50R-K русумидаги ҳаво тозаловчини сотиб олишга 39,8 минг сом сарфлаган.

2020-йили «Мегаком» алоқа операторига эгалик қилган «Альфа Телеком» Xiaomi компаниясидан 54,5 минг сомга 5 ҳаво тозалагич сотиб олган. Ўша йили Бишкек гуманитар университети (БГУ) ҳам 72 минг сомга 5 дона шу каби ускуна олган.

Улардан ташқари бу аппаратларни Давлат кадр хизмати билан Республика сертификациялаш маркази ҳам сотиб олган.

Аммо бу мақсадга ҳаммасидан ҳам тиббиёт идоралари кўп пул сарфлаган — Чуй ва Сокулук ҳудудий касалхоналари бунинг учун 200-300 минг сом ажратишган. Ҳаво тозалагичларни бошқа касалхоналарга ҳам жумладан мактаб ва бола боқчалар учун турли қишлоқ ҳукуматалри ҳам сотиб олишган.

Factcheck’нинг журналистлари 2019-йилдан бошлаб 2022-йилга қадар ҳаво тозалагичларга аталган маблағнинг миқдори 1,4 млн сомни ташкил қилганини ёзишди. Шу билан бирга улар сотиб олинган ускуналарнинг сони етарсиз эканини, чунки бир ҳаво тозалагич ускунаси атиги 80 кв метрга мўлжалланганини айтишди.

Бишкекдаги ҳавонинг булғаниши

Ҳар йили совуқ ҳаво бошланиши билан Бишкекда ҳаво сифати ёмонлашади, аҳоли тутундан азият чекади. Шунингдек, Қирғизистон пойтахти бир неча йиллардан буён ҳавонинг ифлосланиши бўйича жаҳон шаҳарлари рейтингида биринчи ўринда туради.

Бироқ мутасадди идоралар томонидан тутунга қарши кураш бўйича ҳалигача самарали чоралар кўрилмаган.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг 17 декабрида Вазирлар Маҳкамаси ҳаттоки тутунга қарши курашиш бўйича фавқулодда комиссиясини тузган. Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича шошилинч чоралар кўриш ва тутунга қарши курашиш бўйича ечимларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бироқ комиссияга қадар 2021-йилнинг 31-мартида парламент депутатлари «Бишкек шаҳридаги ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича чоралар ҳақида» қарор қабул қилишган. Бир йилдан кейин депутатлар Вазирлар маҳкамасининг Бишкекдаги смогга қарши курашиш бўйича чораларини етарсиз деб топишган.

Ҳукумат Бишкекдаги ҳавони ифлосланишининг асосий сабабларидан бири — транспортлардан чиққан зарарли газлар деб ҳисоблайди. Октябрнинг охирида БМТнинг Қирғизистондаги вакиллиги Бишкекда ҳавони ифлосланишининг асосий сабаби — хусусий уйларни иситиш мақсадида фойдаланилган кўмир экани бўйича тадқиқотнинг натижаларини эълон қилган.

Шунингдек, ЮНИСЕФ «Ҳавонинг ифлосланишининг Бишкекдаги аёллар ва болаларнинг соғлиғига ҳамда ҳаётининг ижтимоий аспектига етказган таъсир» деган номдаги тадқиқотни эълон қилган. Тадқиқотга кўра, 2021-йилнинг 1-июлидан бошлаб 2022-йилнинг 30-июнигача смогнинг таъсири 112 кишининг ўлимига олиб келган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бундай рақамлар бўйича шубҳаси бор эканини, ва аниқ маълумотларни сўраб ЮНИСЕФга мурожаат қилишганини айтиб жавоб беришган.

12-декабрда Табиий ресурслари, экология ва техника назорат вазирлиги Бишкекдаги смог муаммосини ҳал қилиш учун БМТдан 6,7 млрд доллар миқдорида грант сўрагани маълум бўлди. Шунингдек ҳукумат электр энегиясини импорт қилиш учун 25 млн доллар грант олишни режалаштирмоқда.