Актёр Азиз Мурадиллаев билан видолашув маросими бўлиб ўтди

220

19 декабрда Бишкекдаги Қирғизистон Миллий драма театрида хизмат кўрсатган артист, актёр Азиз Мурадиллаевни охирги сафарга кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Мурадиллаев сўнгги истагига кўра Ала-Арча қабристонига дафн этилади.

Видолашув маросимида актёрнинг қариндошлари ва дўстлари, маданият арбоблари, Вазирлар Маҳкамасининг раҳбар ўринбосари Эдил Байсалов, Маданият вазири Алтинбек Максутов,  депутат Нуржигит Кадирбеков, собиқ депутатлар Аали Карашев, Жилдизкан Жолдошова, КТРК директори Кайрат Иманалиев иштирок этди.

Театр ва кино актёри Азиз Мурадилаев 17 декабрь куни 44 ёшида касаллик туфайли вафот этди.

Мурадиллаев оғир аҳволда реанимацияда бўлган. Актёрга жигар трансплантацияси керак бўлган. Унинг даволаниши учун маблағнинг бир қисмини қирғиз халқи тўплаб, яна 42 минг долларни президент Садир Жапаров ажратган.

Актёр Қирғизистон халқига сўнгги мурожаатида уларга маблағ йиғишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирган. Операция 30 декабрга белгиланиб, актёрнинг донори унинг қариндоши бўлиши керак эди.

2016 йилда ҳам актёрнинг даволаниши учун  пул йиғилган - ўшанда унга гепатит C ва жигар циррози ташхиси қўйилган эди.

Азиз Мурадилаев кўплаб фильмларда, жумладан, тарихий фильмларда суратга тушган. Унинг иштирокидаги энг машҳур фильмлар: «Қурманжон датка» ва «Мен юлдуз бўламан».

Асосий сурат: «Азаттык».