Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Юқумли касалхоналар ЎРВИ ва грипп билан касалланган беморларга тўлиб кетди

267

Грипп касали кўпайгани сабабли Республика юқумли касалликлар шифохонаси тўлиб, йўлакларга ҳам беморлар учун қўшимча кароватлар қўйилди. Бу ҳақда мазкур касалхонанинг бош шифокори Гулжигит Аалиев билдирди.

Унинг айтишича, бунга қадар грипп билан кунига 200 нафарга яқин бемор мурожаат қилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 350-400га етмоқда. Касалхонага мурожаат қилганларнинг 90%и — 14 ёшгача бўлган болалар.

«Асосан бизнинг касалхонага ўртача ва ўта оғир аҳволда келганларни ётқизамиз. Ҳозирги кунда бизга келганлардан тана ҳарорати кўтарилганларнинг сони кўп бўлмоқда. Кейин ота-оналар “дориларни берсак ҳам тана ҳарорати кўтарилиб, умуман тушмаяпти” деб айтишмоқда. Ростдан ҳам шундай бўлмоқда», — деди шифокор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумоти бўйича, 14-декабрга келиб шрипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциянинг 9809 ҳолати қайд этилган.

Халқ орасида касалликнинг олдини олиш ва барқарорлаштириш мақсадида вазирлик тарафидан 130 минг дозага яқин гриппга қарши вакцина сотиб олинди.

Вакцинани сурункали касаллиги бор беморлар, тез-тез касалланган болалар, болалар уйларининг ҳамда интернатларнинг тарбияланувчилари, ҳамолидор аёллар ва тиббиёт ходимлари олишлари мумкин.

Мамлакатда эпидемиология вазияти бўйича Қирғизистондаги барча мактаблар карантинга ёпилган. Ўқитиш онлайн давом эттирилмоқда.

ЎРВИ юқтирганларнинг ортиши

Бир неча ҳафтадан буён Қирғизистонда грипп ва ЎРВИ билан касалланишнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бишкекдаги шифохоналарда йўталаётган болалар катта навбатларда туришибди.

Республика юқумли касалликлар шифохонаси мудири Гулжигит Аалиевнинг айтишича, бу йил болалар бутунлай бошқача тарзда касалланмоқда. Унинг айтишича, 11 декабрда касалхонага 300 киши мурожаат қилган, улардан 129 нафари касалхонага ётқизилган, яна 8 нафар бемор реанимацияга тушган.

«Бизга келаётганларнинг аксарияти кичик болалар. Улар нафас олиш тизимининг ўткир респиратор вирусли касалликлари шикояти билан мурожаат қилишди. Вазият ўтган йилга қараганда ёмонроқ. Баъзиларида нафас олиш қийинлашиб, тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилмоқда. Шу билан бирга, конвульсиялар кузатилмоқда. Биз уларга [касалхонада] жой йўқлигини айта олмаймиз. Шунинг учун, ҳатто коридорларда ҳам қабул қилиш ва жойлаштириш керак. Асосийси, уларни даволашимиз керак», - деган у.

Умуман олганда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумоти бўйича, 5-декабрдан 11-декабрга қадар мамлакатда ўткир респиратор вирусли инфекция ҳамда гриппнинг 14078 ҳолати қайд этилган. Ўтган ҳафта нисбатан беморларнинг сони 1,5 баробарга кўпайган.