Қизларини тийиб қўйишса бўлмайдими — Жапаров қамоқдаги аёлларни оналарининг мурожаати ҳақида

247

Президент Садир Жапаров «Кабар» миллий давлат агентлигига берган интервьюсида Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган аёлларни оналарининг мурожаати бўйича фикрини билдирди.

«Уларни мен қамамадим. Ҳам ички, ҳам ташқи хавфсизлик учун [куч тузилмалари] масъул […] Қамашди. "Тўнтариш қиламиз" деб режа тузаётган бўлишса бошини силармиди? Энди уларнинг тақдирини мен ҳал қилмайман, суд ҳал қилади. Айбсиз бўлса оқлайди. Айби бўлса судлайди. Мен ҳеч бирига "чиқариб юбор" деб буйруқ бера олмайман. Қонунлар ишлайди. Бундан кейин қонун билан яшашни ўрганшимиз керак. Қачонгача кичкина бир нарса бўлиши билан президент айбдор деяверамиз», — деди у.

Жапаров унга мурожаат қилган оналар ҳақида «кеч бўлмай туриб ўша аёлларга, қизларга ақл ўргатишмайдими» деган фикрини айтди.

«Менга мурожаат қилаётган оналар икки йилдан бери йўқ деганда бир марта: "Қизлар, тартибли бўлинглар, ёлғон гапирманглар, туҳмат қилманглар, тўнтаришни нима қиласан!" деб тийишмайдими. [...] Ўша аёлларни қўлларидан етаклаб олиб тўнтариш қиламиз деган йиғилишга мен олиб бормадим-ку», – деди у.

Шунингдек, Жапаров ҳозир қамоқда ётган аёлларнинг оғзидан «икки йилдан бери "оқ ит кириб, қора ит чиқаётганини» таъкидлаб, уларга «тенг келмаганини» айтди.

«Мен индамадим. Эътибор ҳам қилмадим. Ёки икки ичида менинг бирор марта тортишганимни эшиттингларми? Йўқ. Бундан кейин ҳам эътибор қаратмайман», — деб қўшимча қилди у.

Оммавий очлик эълон қилиш

14 декабрдан буён Кампиробод иши бўйича айбланувчилар тергов изоляторидаги эҳтиёт чорасини узайтириш ҳақидаги суд қарорига жавобан очлик эълон қилишган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага кўра, ҳибсга олинган жами 19 киши очлик эълон қилган. Аммо Жазоларни ижро қилиш хизматининг матбуот марказидан «Клооп»га расмий 11 киши очлик эълон қилганини билдирган.

Фаолларнинг талабларидан бири «сохталаштирилган иш бўйича ноқонуний қамалган, ёлғиз фарзанд тарбиялаётган, оиласида ягона боқувчи бўлган» аёлларни озод этиш бўлди.

Улар очлик эълон қилган Кампиробод мудофаа қўмитаси аъзоларининг ҳаёти, соғлиғи учун президент ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев масъул бўлишини таъкидладилар.

16 декабрь куни очлик эълон қилган собиқ депутат Орозийм Нарматованинг аҳволи кескин ёмонлашгани маълум бўлган. Унда «ҳолсизлик, доимий сафро қусиш, давомли ҳушдан айрилиш, ҳаракат қилишда қийналиш кузатилмоқда», деб ёзади унинг адвокати.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилинганидан кейин ҳибсга олинганлар

23 октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, уни ҳимоя қилиш қўмитасини тузган сиёсатчилар ва фаоллар тинтув қилиниб, ҳибсга олинган. Ўша куни 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмай, босим бўлаётганини айтиб, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланганини даъво қилади.

Фаоллар ва сиёсатчиларнинг оммавий ҳибсга олиниши бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.