Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Кампиробод ишининг 19 айбланувчиси очлик эълон қилганини билдирди. Аммо Жазоларни ижро қилиш хизматининг матбуот марказидан «Клооп»га расмий 11 киши очлик эълон қилганини айтишди.
15-декабрга ўтар кечаси омбудсман Атир Абдрахматова муассасанинг ходимлари қўлга олинганларнинг ҳар бири билан учрашиб, очлик эълон қилганларнинг аниқ сонини ўрганишини билдирган.
Абдирасулованинг айтишича, акцияга МХДҚнинг собиқ етакчиси Кенешбек Дуйшобаев, парламентнинг собиқ депутати Равшан Жээнбеков, Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов, президентнинг Талас вилоятидаги собиқ мухтор вакили Айбек Бузурманкулов, Улукбек Маматаев, «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Ақил Айтбаев, фаоллар Али Шабдан, Илгиз Шаменов, Таалайбек Мадеминов, Чингиз Капаров ҳамда Марат Баязов, блогерлар Атай Бейшенбек ҳамда Эрлан Бекчороев, сиёсатчи Жениш Молдокматов, собиқ депутат Орозайим Нарматова, Конституция судининг собиқ судьяси Клара Сооронкулова, фаол Перизат Суранова, ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова ҳамда журналист Айданбек Акматов.
«ТИЗО-1даги тўрт киши, норозилик акциясига қатнашмади. Уларнинг турли касалликлари бор, шу сабабли уларга очлик мумкин эмас», — деди Абдирасулова.
Шунингдек у очликнинг оқибатлари учун масъулият шахсан президент Садир Жапаровга, МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга, ички ишлар вазири Улан Ниязбековга, бош прокурор Қурманқул Зулушевга, ундан ташқари терговчиларга, прокурорларга ҳамда судьяларга юкланганини қўшимча қилди.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтишига қарши танқидлар бўйича ҳибслар
ИИВ 23-октябрнинг тонгида, дам олиш куни, Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан ва уни ҳимоя қилиш учун қўмита тузган фаол ҳамда сиёсатчиларнинг уйини тинтувга олган. Ўша куннинг ўзида 22 кишини ушлаб кетган, кейинчалик уларнинг сони 27 нафарга етган (экс-депутат Канат Исаевгина бошқа иш бўйича қўлга олинган).
ИИВдан уларга нисбатан «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан айб қўйилганини билдиришган. Бишкекнинг Биринчи Май туман суди 25-октябрга ўтар кечаси уларнинг эҳтиёт чорасини кўриб чиққан. Қўлга олинганларнинг бари Бишкекдаги ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган. Кейинчалик қўлга олинганларнинг деярлик барини ТИЗОдаги муддати 2023-йилнинг 20-февралига узайтрилган.
Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга қарши ишлар «тўқилган» деб айтишмоқда. Улар Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтиб чиққани сабаб жиноий тазйиқ бўлмоқда деб ҳисоблашади.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.
Кейинчалик президент Садир Жапаров оммавий ҳибслар бўйиа изоҳ бериб, қўлга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди» деб айтиб, «улар сув омбори масаласини ҳукуматнинг бир ерига илашиб қолсам деган фикрда фойдаланишмоқда» деб айтган.