Кампиробод иши: Молдокматов, Кадиров ва Бекчоро ўғли 20-февралга қадар қамоқда қолди

234

Кампиробод иши бўйича қўлга олинган сиёсатчилар Жениш Молдокматов билан Кубаничбек Кадиров, шунингдек фаол Эрлан Бекчоро ўғли 20-февралга қадар ТИЗОда қолди. Бундай қарорни Бишкекнинг Биринчи май туман суди чиқарди.

« [Ҳукумат] “Кампиробод қирғизники, бизники” деган инсонларни қамаб, оғзини ёпиб туриб [Ўзбекистонга] беришди […] Кампиробод кетганини бугунги кунда халқ ҳис қилгани йўқ. Беш йилдан кейин тарих ёзилади. Беш йилдан кейин Кампирободнинг қирғоғига бориб қирғиз бошини ушлаб афсусланади. 10 йилдан кейин сув омборининг этагига бориб, юрагини ушлаб қолади. 15 йилдан кейин қирғиз киришга ер тополмай қолади […] Афсуски биз Кампирободни йўқотдик. Энди менинг айтмоқчи бўлганим, бўлди энди аёлларни қўйиб юбориша қолмайдими», — деди суд залида Молдокматов.

Сиёсатчига кўра, ижтимоий тармоқларда ҳокимиятга қарши ёзганларнинг ҳаммасини қамаб, президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевни мақтаганларга эса «от миндирмоқда». Молдоқматов бу суд мажлисларини «оғизни ёпиш» деб атади.

Мажлисда Эрлан Бекчоро ўғли тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитасининг ташкил этилишини жиноят деб ҳисобламоқда деб билдирди. «Улар бу қўмитанинг аъзолари одамларни чалғитмоқчи. Буларнинг барчаси эртак. Ҳеч қандай далил йўқ. Улар ҳеч нарса топа олишмади», — деб айтди Бекчоро ўғли.

Молдоқматов, Қадиров ва Бекчоро ўғли Кампиробод иши бўйича қўлга олинган бошқа фаоллар каби оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўришда айбланишмоқда.

Жениш Молдокматов — «Туран» демократия партиясининг лидери, шунингдек, «Замандаш» партиясининг ҳамраиси бўлган. Парламент сайловларига бир неча бор қатнашган, аммо ўтмаган. Садир Жапаровнинг янги Конституциясига фаол қарши чиққан.

Кубаничбек Кадиров — «Чиндиқ» сиёсаий партиясининг лидери. 2021-йили «Ата-Журт – Қирғизистон» партияси билан депутатликка номзодини қўйган, аммо парламентга ўтмаган.

Эрлан Бекчоро ўғли — журналист, фаол ҳамда «Туран» демократия партиясининг аъзоси.

12-декабрда Биринчи май туман суди фаоллар Ақил Айтбаев, Илгиз Шаменов, Чингиз Капаров, Айданбек Акматов, Али Шабдан, Айбек Бузурманкулов ва Марат Баязовни 20-февралга қадар қамоқда қолдирган.

Ўзбекистон билан келишув

Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкаларини ратификация қилиш ва Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги қонунни имзолаган.

Шартномани Садир Жапаров 29 ноябрда, Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда имзолаган.

Икки давлат президентлари имзолаган ҳужжатлар муҳокамаси Қирғизистонда катта шов-шув билан кечган.

Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев Кампиробод сув омбори билан таъминланиши мамлакат учун фойдали бўлишига ишонтирган. Аммо маҳаллий аҳоли, фаоллар ва сиёсатчилар бунга қарши чиққан.

Бир қатор маҳаллий турғунлар Кампиробод Ўзбекистонга берилса қирғизистонликлар сув омборидан фойдалана олмай қолади ва фуқаролар ўзган гурунчи экилган далани ишлата олмай қолади деб хавотирланган.

Муҳокама қилинган ҳужжатлар сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг ўзида, шунингдек мамлакатнинг йирик шаҳарларида ҳам  — Бишкек ва Ўшда митинглар ҳамда қурултойларнинг ўтишига сабаб бўлган.

Жапаров сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий қўлга олиниши бўйича изоҳ берар экан, қўлга олинганларни Кампиробод масаласи «ўйлантирмайди» деб билдирган. Президентнинг айтишича, улар сув омбори масаласини ҳукуматга келиш мақсадидагина фойдаланишмоқда.