БМТ: Озиқ-овқат қимматлигидан Қирғизистон аҳолисининг учдан бири тўлақонли овқатланмайди

197

Қирғизистон аҳолисининг 38 фоизи соғлом озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлаши сабаб, тўйиб овқатлана олмайди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури билан ҳамкорликда ўтказган таҳлилида айтилади.

Таҳлилдаги маълумотларга кўра, фойдали озуқ-овқат моддалари етарли бўлган озиқ-овқат фақат зарур энергияни қондирадиган озиқ-овқатдан уч баробар қимматроқдир.

Мутахассисларнинг фикрича, организм учун озуқа моддалари етишмайдиган нотўғри овқатланиш кўплаб касалликларни келтириб чиқаради. Масалан, Қирғизистонда сўнгги пайтларда юқумли бўлмаган касалликлар, ортиқча вазн ва семизлик билан оғриган болалар ва катталар сони кўпайган.

«Яхши овқатланиш натижаларига эришишнинг ягона йўли йўқ. Шу боис, овқатланиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий ҳимоя ва кўмаклашиш чора-тадбирларини уйғунлаштириш уй хўжаликларининг тўлиқ овқатланишидаги тафовутни бартараф этишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Шунингдек, таҳлилда, озиқ-овқатда фойдали озиқ моддалар мавжудлиги учун аниқ қоидаларни ишлаб чиқиш орқали мактаб ўқувчиларининг овқатланишини кучайтириш тавсия этилади. Бундан ташқари, мутахассислар мактабгача ёшдаги болалар ва ўсмирларни овқат билан таъминлаш учун мактаб тушликлари учун маблағларни кўпайтиришни маслаҳат беришди. Айни пайтда Қирғизистонда бир ўқувчининг овқатланишига атиги 7 сом ажратилган, бироқ расмийлар озиқ-овқат нархи ошиб бораётган шароитда бу миқдор етарли эмаслигидан қайта-қайта шикоят қилган.

«Тўғри овқатланиш соғлом ва самарали халқ ривожланишининг энг муҳим устунидир. Тўғри овқатланиш жисмоний ва когнитив ривожланишга ёрдам беради, касалликларнинг олдини олади, меҳнат ресурслари ҳамда жамият салоҳиятини оширади. Айниқса, болалар ва аёлларнинг овқатланишини яхшилаш соғлиқни сақлаш, таълим ва иқтисодиёт учун бевосита, узоқ муддатли фойда келтиради», — дейилади Жаҳон озиқ-овқат дастурида.

Аввалроқ БМТнинг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) озиқ-овқат нархларининг ошиши ва қишлоқ хўжалиги учун ресурслар танқислиги жорий йилда Қирғизистоннинг заиф қатламини очарчиликка олиб келаётгани ҳақида хабар берган эди. Жамғарма таъкидлаганидек, Қирғизистон импортга қарам давлат, жумладан, Россия ва Украина - Россия Федерацияси жорий йилнинг февраль ойида Украинага ҳужум қилган, шундан бери мамлакатлар ўртасида 9 ой давомида уруш давом этмоқда. Натижада Россия мартдан августгача ғалла экспортини тўхтатган, Украинадан экспорт қилиш эса қийинлашган.

Бунга жавобан Қирғизистон расмийлари мамлакатда очарчилик бўлмаслиги, озиқ-овқат нархлари ҳамёнбоп даражада сақланишини билдирган. Қишлоқ хўжалиги вазири Асқарбек Жанибековнинг сўзларига кўра, агар товарлар Қирғизистонга етиб келмаса, мамлакатда 3-4 ойга етадиган озиқ-овқат захиралари мавжуд, бу эса кескин силкинишга йўл қўймайди.