Кампиробод иши: Яна уч киши 20-февралга қадар қамоқда қолди

235

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган фаоллар Ақил Айтбаев, Илгиз Шаменов, Чингиз Капаров, Аиданбек Акматов, Али Шабдан ва Айбек Бузурманқуловлар 20 февралгача қамоқда қолди. Бундай қарорлар Бишкекнинг Биринчи май туман суди томонидан қабул қилинган.

Суд, шунингдек, сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг уйида таъмирлаш ишларини олиб бораётган Нурлан Асанбековнинг уй қамоғини 20 февралгача узайтирди. Фаоллар Асанбековнинг сиёсатга, хусусан, Кампирободга алоқаси йўқлигини қайта-қайта таъкидлаган.

Фаоллар октябрь ойи охирида Кампиробод иши бўйича қўлга олинган. Улар, қолган маҳбуслар сингари, оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланмоқда.

Ақил Айтбаев – «Бутун Қирғизистон» партияси ижроия қўмитаси раиси, Ўзган вилояти ер ресурсларини бошқариш қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари. У Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтишига фаол қаршилик қилиб келган.

Илгиз Шаменов Бишкек шаҳар кенешида «Социал-Демократлар» партиясининг депутати бўлган. Фаолнинг балиқ фермаси бор. 2021-йилнинг декабрида Шаменов «Бишкек» Эркин иқтисодий ҳудудидаги коррупция ҳақида айтиб чиққан. Ундан кўп ўтмай, фаол МДҲҚга сўроққа чақирилган, аммо шунга қарамай Шаменов қишлоқ хўжалигининг вазири Аскарбек Жанбеков тарафидан қўрқитувлар бўлаётганини билдирган. Фаол милициядан уни ҳимоя қилишни илтимос қилган, аммо охирида Россияга кетишга қарор қилган.

27-октябрда Шаменов Москвада қўлга олиниб, 28-октябрда Бишкекка олиб келинган. Бу фаол Кампиробод иши бўйича фаолларнинг қўлга олинишини танқид қилиб ва қирғизистонликларни митингга чақиргандан кейин бўлган.

Чингиз Капаров — фаол ва сиёсатчи. Ўзининг сиёсий карьерасини 2007-йили — депутат Курманбек Осмоновнинг ёрдамчиси қатори бошлаган.

Айданбек Акматов — журналист, «Азаттык» радиосида муҳаррир бўлиб ишлаган. 2020-йилдаги парламент сайловида «Бутун Қирғизистон» мухолифат партияси билан иштирок этган. 2021-йилнинг октябрида бир мандатли Қадамжой округидан депутатлик сайловига қайтадан борган. Аммо икки сафар ҳам муваффақиятсиз бўлган.

Ўзбекистон билан келишув

Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкаларини ратификация қилиш ва Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги қонунни имзолаган.

Шартномани Садир Жапаров 29 ноябрда, Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда имзолаган.

Икки давлат президентлари имзолаган ҳужжатлар муҳокамаси Қирғизистонда катта шов-шув билан кечган.

Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев Кампиробод сув омбори билан таъминланиши мамлакат учун фойдали бўлишига ишонтирган. Аммо маҳаллий аҳоли, фаоллар ва сиёсатчилар бунга қарши чиққан.

Бир қатор маҳаллий аҳоли Кампиробод Ўзбекистонга берилса, қирғизлар сув омборидан, шолизордан фойдалана олмаслигидан хавотирини билдирган.

Муҳокама қилинган ҳужжатлар сув омбори жойлашган Ўш вилоятида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарлари – Бишкек ва Ўшда митинг ва қурултойларга сабаб бўлган.

Сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишини изоҳлар экан, Жапаров Кампиробод масаласи «уларни қизиқтирмайди», деган. Президентнинг фикрича, улар сув омбори масаласидан фақат ҳокимиятни қўлга киритиш учун фойдаланмоқда.