Қирғизистон яна бир Airbus H145 вертолётини сотиб олди

251

Қирғизистон ҳукумати республика бюджети ҳисобидан иккинчи янги Airbus H145 вертолётини сотиб олиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига топширди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Эрбол Султонбаев Фейсбукда ёзди.

Бироқ президентнинг матбуот котиби самолёт қайси пулга ва қанчага сотиб олингани ҳақида маълумот айтмаган.

«Президент Садир Жапаров 11 декабрь куни Қирғизистонга олинган иккинчи янги Airbus H145 вертолётида парвоз қилиб, синовдан ўтказди», — деб ёзади Султанбаев.

Унинг айтишича, янги вертолёт энг янги навигация ускуналари, автопилот, огоҳлантириш тизими, қўшимча ҳавони тозалаш тизими билан жиҳозланган ва саккизта йўловчи ўриндиғига эга.

Султанбаевнинг ёзишича, вертолёт Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазифалари учун мўлжалланган, бироқ жисмоний ва юридик шахслар ундан «тижорат мақсадларида белгиланган тўлов эвазига» ҳам фойдаланишлари мумкин. Унинг қайд этишича, бундай парвозлардан тушган маблағ мамлакат бюджетига тушади.

Матбуот котиби келаси йили Қирғизистон Россиядан грант асосида янги МИ-8 МТВ вертолётини олиши билан ўртоқлашди. Шунингдек, у ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг мавжуд вертолётларини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини эслатди.

Жорий йилнинг август ойида Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учун тўртта йўловчи ўриндиғига мўлжалланган янги Airbus H125 вертолёти харид қилинган эди. Ўшанда вертолёт ва яна 34 та махсус техника мамлакатга 384 миллион сомга тушган.

Шунингдек, октябрь ойида «Политклиника» журналистлари парламентнинг собиқ депутати Азамат Арапбаев ўша вертолётда учиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан янги вертолёт ижарага олганини ёзишган эди.