АҚШ ғазначилиги Қозоғистон банкларига «Мир» карталарига хизмат кўрсатишга рухсат берди

244

АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Қозоғистонга кўчиб келган россияликларнинг «Мир» банк карталаридан фойдаланишига эътирози йўқлигини айтди. Бу ҳақда Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Шу билан бирга, Қозоғистон расмийларининг аниқлик киритишича, гап фақат жисмоний шахсларнинг муҳожирларнинг маиший эҳтиёжлари билан боғлиқ операциялари ҳақида кетмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши халқаро санкцияларни унинг ёрдами билан четлаб ўтишга уринишлари сабабли Мир тизими ҳали ҳам уларнинг махсус назорати остида эканлигини эслатди.

«Шундай қилиб, Қозоғистон банклари «Мир» карталари ёрдамида тўловлар, пул ўтказмаларини қабул қилиш, шунингдек, жисмоний шахслар учун банкоматлар орқали нақд пул бериш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, «Мир» тизимига уланиш тўғрисидаги қарор Қозоғистон банклари томонидан мустақил равишда ўзларининг ривожланиш стратегиялари ва рискларни баҳолашнинг ички тизимлари асосида қабул қилинади», — дейилади агентлик хабарида.

Сентябрь ойи ўрталарида АҚШ ғазначилиги «Мир» оператори бўлган Миллий тўлов карталари тизими (МТКТ) билан ишлаш иккиламчи санкциялар билан тўла эканлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Департаментнинг таъкидлашича, МТКТ билан шартнома тузаётган молия институтлари «Россиянинг АҚШ санкцияларини четлаб ўтишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш хавфини туғдиради». Шунингдек, МТКТнинг ўзи ҳам санкциялар рўйхатида йўқлигига аниқлик киритган. Шу билан бирга, унинг бош директори Владимир Комлев, тушунтириш эълон қилинган куни АҚШ Ғазначилигининг санкциялари остида қолган.

Россияга қарши санкциялар унинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб киришига жавобан киритилган. Шундан сўнг кўплаб мамлакатлар банклари «Мир» карталарига хизмат кўрсатишдан бош тортишни бошладилар.

2 декабрь куни Қирғизистон Миллий банки раиси ўринбосари Кайип Куленбеков Қирғизистоннинг 10 га яқин тижорат банки иккиламчи санкциялардан қочиш мақсадида Россиянинг «Мир»  карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатганини маълум қилган.