Путин ва Лукашенко ЕОИИ саммити учун Бишкекка келди

281

Россия, Беларус президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенко ЕОИИ саммити учун Бишкекка келди.

Путинни «Манас» аэропортида Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров кутиб олди. Лукашенкони эса Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Адилбек Қасималиев кутиб олди. Бу Путин ва Лукашенконинг Садир Жапаров президентлиги бошланганидан бери Қирғизистонга илк ташрифидир.

Владимир Путин ва Ақилбек Жапаров. Сурат: Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати
Александр Лукашенко ва Адилбек Қасималиев. Сурат: Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати.

9 декабрь куни Президент Садир Жапаров раислигида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ЕОИИ давлатларининг (Россия, Қозоғистон, Беларус, Арманистон) барча раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Путин тажовузкор

Жаҳон ҳамжамияти Россия президенти Владимир Путинни 2022 йил 24 февралда Украинага қилган ҳужуми учун қоралади. Россия ҳарбий қўшинлари шу кунгача Украина ҳудудида ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда.

Дунёнинг 143 давлати БМТнинг «Россиянинг Украинага қарши тажовузи» ​​резолюциясини қўллаб-қувватлади. Резолюцияда Россиянинг Украинага бостириб кириши қораланади. Қарорда, шунингдек, қўшинларни Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетиш талаблари ҳам кўрсатилган. Ушбу резолюция бўйича овоз беришда Қирғизистон бетараф қолган. АҚШ президенти Жо Байден 24 февраль куни Путин Украинага бостириб кириши туфайли «жаҳон саҳнасида ёлғизланишини» айтган.

«Путиннинг Украинага қарши тажовузкорлиги охир-оқибат Россияга қимматга тушади. [...] Россиянинг Украинага қарши очиқ тажовузкорлигини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай давлатнинг [обрўсига] Кремль ҳаракатларига шерик бўлиши туфайли путур етади», — деган Байден.

Сурат: UNICEF.

Март ойида АҚШ Сенати Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб атаган резолюцияни қабул қилган эди. АҚШ Россияга қарши қаттиқ иқтисодий санкциялар киритди.Европа Иттифоқи ҳам босқинга жавобан қаттиқ иқтисодий санкциялар киритди. Бундан ташқари, санкциялар нафақат бутун мамлакатга, балки шахсан Путинга, шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга қарши ҳам қўлланилган. Европа Иттифоқи ҳам Украинага ҳарбий техника етказиб бериш бошланганини эълон қилган.

Умуман олганда, босқинга жавобан Ғарб давлатлари Россияни яккалаб қўйиб, бу давлатга мисли кўрилмаган санкцияларни қўллашди. Бу Россияни жорий этилган санкциялар миқдори бўйича жаҳон етакчисига айлантирди.

Путин урушни Россия бошлаганини инкор қилиб келади. У урушни Украина 2014-йили бошлаган деб билдирган. Умуман олганда, у бўлаётган ҳамма нарсани - «махсус ҳарбий операция» деб атамоқда. Дастлаб, Путин Украина ҳудудига бостириб киришни «денацификация» — Украинада барчани отиб юборувчи неонацистлар бор деб аргумент келтирган.

У айнан шу Ғарб Россияни йўқ қилиш учун Украинанинг ҳудудига «Россияга қарши дейилган қадриятларни» киргизган деб ҳисоблайди. Путин Ғарб давлатлари Украинада Россияга қарши кайфият яратиш учун «таъсирли илмий марказларни яхши молиялаш» билан «ўнлаган йиллар бўйича ишлаган» деб ҳисоблайди. У Ғарб Украинадаги урушнинг асосида Россияни заифлатиб, йўқ қилишни кўзлайди деган фикрда.

Лукашенко тажовузкорнинг ёрдамчиси

Россия қўшинлари Украинага Беларус орқали ҳам бостириб кирганига оид далиллар ҳам бор – экспертлар ҳозирда президент Александр Лукашенкони Путиннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири деб атамоқда.

Владимир Путин ва Александр Лукашенко. Сурат: Россия президентининг матбуот хизмати

«2020 йил августигача Лукашенко Россия билан Ғарбнинг ўртасида жуда моҳирона маневр қилди, бир томонга бир нарсани ваъда қилча, иккинчисига бошқа нарсани айтиб, охири амалда ҳеч нарса қилмаган. Биз унинг Россия билан максимал яқинлашувини 2020-йилнинг августидан кейингина кўрдик, ўшанда унинг обрў-эътибори, мавқеи кескин тушиб, режим қулаш арафасида тургандек эди», — дейди Carnegie Endowment for International Peace’нинг Марказий Осиё бўйича эксперти Темур Умаров.

2020-йилнинг августида Беларусда президентлик сайлови ўтган. Мамлакатнинг Марказий сайлов комиссияси давлатни 1994-йилдан бери бошқариб келган Александр Лукашенко бу сафар ҳам ғалабага эришди деб эълон қилган. МСКнинг маълумотига кўра, у сайловчиларнинг 80,08 фоиз овозига эга бўлган.

Мухолифат Лукашенконинг ғалабасини тан олмаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская кўпроқ овоз тўплаган.

Белоруссияда деярли олти ойдан бери президентлик сайловлари натижаларига рози бўлмаганларнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Тинч акциялар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилди, ҳибсга олинган намойишчилар уларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида гапириб берган. Намойишлар пайтида Тихановская таҳдидлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Белоруссияда тузумга рози бўлмаганларга нисбатан жиноий ишлар қўзғалмоқда.

2020 йилнинг сентябрида Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Лукашенкони Беларуснинг қонуний сайланган президенти сифатида тан олмаслигини эълон қилган.

Ғарб давлатлари Беларус режими мамлакат ҳудудини Россия қўшинларининг Украинага ҳаво ҳужумлари учун платформа сифатида тақдим этади, деб ҳисоблайди.

«Биз Лукашенко режимининг Украинага Беларус ҳудудига ҳужумни режалаштириш билан боғлиқ ёлғон айбловларидан хабардормиз. Булар мутлақо асоссиз, бемаъни айбловлар ва мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Украина бу ерда қурбон, Украина бу ерда тажовузкор эмас. Беларус режимига Украина халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда шафқатсиз ҳужумга учраганини эслатамиз. Биз Минскдаги режимни бу шафқатсиз ноқонуний ҳужумга аралашмасликка чақирамиз. Биз Минскдаги режимни Беларус ҳудудини ҳаво ҳужумлари, жумладан, Украина ҳудудига ракета ва дрон ҳужумлари учун майдонча сифатида тақдим этишни тўхтатишга чақирамиз», — деган Европа Иттифоқи ташқи сиёсати вакили Питер Стано 10-октябр куни.