Ҳукумат бошчиси Боткенни қайта тиклаш бўйича давлат комиссиясининг аъзоларига ҳайфсан эълон қилди

237

Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари Ақилбек Жапаров Боткен шаҳрини тиклаш бўйича Давлат комиссиясининг айрим аъзоларига огоҳлантириш бериб, айримларига ҳайфсан эълон қилди. Бу «Боткен вилоятини тиклаш ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқларни лозим даражада бажармаганликлари учун» деб айтилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди, гап ким ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.

8 декабрь куни Жапаровнинг раислигида Давлат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамасининг маълумотига кўра, Боткендаги уйларига ҳалигача 3942 нафар фуқаро қайтмаган, уларнинг ичидан 3781 нафар фуқаро бировнинг уйларида, 161 нафар фуқаро қабулхона пунктида яшамоқда.

«Ушбу фуқаролар тегишли ёрдамга муҳтож эканини унутмаслик керак. Ҳозирда пойтахт, Чуй вилояти ва Ўшда вақтинча бўлган ҳар бир киши ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш, керак бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш зарур. Тўлиқ ёниб кетган уйлар, шунингдек, таъмирлашга муҳтож турар-жой бинолари эгаларига 149,6 миллион сом товон пули тўлаб бердик. Асосий масала – 420 та уй-жой қурилишининг бориши, уларнинг ҳар бирининг қиймати 3,3 миллион сомни ташкил этади», — деди Жапаров йиғилишда.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, шунингдек, Давлат комиссияси аъзоларини чегарадаги тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш бўйича қурилиш ишларини тезлаштиришга чақирди.

Қапчиғай қишлоғидаги вайрон бўлган уй. Сурат: Бекболсун Қайипов / Клооп.

«Бишкекда 3-4 ойда уч қаватли мактаблар қуриб битказилди. Яқинда учинчи ой бўлади, уйларнинг қурилиши ҳали тугалланмаган. Ишни тезлаштириш керак [...] Тегишли идоралар «ухлаётган» бўлса, вазирлар Боткен вилоятига бориб, Янги йилгача ўша ерда ишлаб, муаммоларни ҳал қилади», — деди у.

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида тўлиқ кўламли қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Тўқнашувлар давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб олиб борилган. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар натижасида 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бироқ «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг Тожикистондаги бюроси) ўз манбаларига таяниб, 81 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини тузган.

Ҳар икки томон бир-бирини режаланган ҳарбий тажовузда айбламоқда.

Боткенни тиклашнинг секин суръати

Вазирлар маҳкамасининг маълумотига кўра, можаро натижасида 661 та уй зарар кўрган, улардан 423 таси яшаш учун яроқсиз, 238 таси таъмирга муҳтож. Шунингдек, 14 та мактаб, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 та маъмурий бино, 1 та кўприк, 197 та уй-жой, 337 та шийпон ва 61 та автомашина вайрон бўлган.

22-сентябрь куни президент Садир Жапаров ҳавонинг совуб кетишидан олдин қисқа муддатда бузилган уй-жойларни тиклаш, бутунлай вайрон бўлган уйлар ўрнига янгиларини қуриш ҳақида кўрсатма берган эди.

Бироқ боткенликлар ҳокимият ҳалигача уйларини тикламаганидан, ваъда қилинган моддий ёрдам берилмаганидан нолиган. Буни вазирлар маҳкамасининг раиси ҳам тан олган.

19-октябрда бўлиб ўтган парламент йиғилишида вазирлар маҳкамасининг раиси барча ишларни янги йилгача тугатишга ҳаракат қилишларини, бунинг учун қурувчилар 2-3 сменада ишлашларини ваъда қилган эди.

Бироқ парламентнинг 8 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Жанар Акаев Боткен вилоятидаги чегарага яқин қишлоқларни ободонлаштиришда иштирок этаётган қурилишчилар бу ишлар учун ажратилган маблағнинг ярмини ҳам олмаганини айтди. Аввалроқ Боткен вилоятини тиклаш учун 6 миллиарддан 8,5 миллиард сомгача маблағ ажратилгани хабар қилинганди.

Ҳукумат раҳбари депутат Ақаевга қурилишни Давлат қурилиш бошқармаси назорат қилаётгани, реставрация учун 1 миллиард сом ажратилгани ҳақида жавоб берган.

Керак бўлса, кўпроқ маблағ ажратишга тайёрмиз, — деган Жапаров.

Унга кўра, 20-22 декабрь кунлари 150 та уй қуриб, оилаларга топширилиши керак. Жапаровнинг қўшимча қилишича, қолган уйлар қуриб битказилиши билан фойдаланишга топширилади.