Азимбек Бекназаров 23 февралга қадар ҳибсда қолдирилди

303

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров, оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, 2023-йилнинг 23-февралигача ҳибсда қолдирилди. Бу ҳақда Биринчи туман судининг матбуот хизмати хабар берди.

Суд 9-декабрда қарор чиқарди. Бекназаров СИЗО-1 да сақланади.

Азимбек Бекназаров 23-октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 30 нафарга яқин фаоллар ва сиёсатчилар била бирга ҳибсга олинган эди.

Ҳибсга олинганларнинг бир қисми 22-октябрда тузилган Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитасининг аъзолари бўлган.

Ички ишлар вазирлиги фаоллар ва сиёсатчиларни «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича жиноят иши бўйича қўлга олган.

Кейинроқ суд ҳибсга олинган 20 дан ортиқ фуқарони Бишкекдаги  СИЗО-1га жойлаштирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Динара Ашурахунова ўзининг Твиттердаги саҳифасида Кампиробод иши бўйича барча маҳбусларга чиққан қарорлар бир хил эканини ёзган.

«Фақат исмлар ўзгарган. Айримларга қўшимча статья қўшишган. Қарор тергов гуруҳи раҳбари Улан Жапеков томонидан қабул қилинган ва прокурор Молдокматов томонидан тасдиқланган», — деб ёзади у.

28 октябрда Бекназаров қамоқхонадан мактуб ёзиб, унда расмийлар уларни ноқонуний ҳибсга олганини айтган. Бекназаров президент Садир Жапаровга ҳам мурожаат қилган.

«Энди маълум бўлдики, сизда бизни йиғиб, кейин бизни ёппасига ҳибсга олиш режаси бўлган экан. Кампирободнинг ўтишига қарши бўлганларни йиғиб, қамоққа олганингиз сиз учун катта ғалаба бўлди. Ўша кенгаш йиғилишида ҳеч ким тартибсизликларга тайёргарлик ҳақида гапирмаган. У ерда қонун доирасида сизга ва Жогорку Кенешга қандай таъсир ўтказишимиз, Кампирободни сақлаб қолиш йўллари муҳокама қилинди. Аммо сиз учун «инсон бўлса, статья топилади» деган тамойил муҳим», деб ҳисоблайди сиёсатчи.