Бизнес-жет учун 25 млн доллар бор, кўмир ва электр энергиясини сотиб олиш учун эса кредит оламизми?

317
Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров Японияга учиб бориб келган Embraer Legacy 600 русумидаги самолёт. Қирғиз ҳукумати ўз эҳтиёжи учун шундай самолётлардан бирини харид қилиш ниятида.  Сурат: Milan Cibulka / Jetphotos

Ҳукумат бюджетдаги бўшлиқ сабаб ҳатто қоғоз учун чиқимларни қисқартириб, кўмир ва электр энергияси учун деб 25 млн доллар қарз олаётган вақтда президент билан премьер-минстр хусусий самолёт ёллаб дунё айланибгина қолмай лизингга шундай самолётдан бирини сотиб олишни режалаштиришмоқда.

Тахминий қиймати 26 миллион доллар бўлган бизнес-жетни агар бу мамлакатда энг долзарб эҳтиёжлар учун айнан шунча маблағ етишмаётган ҳолда қандай қилиб сотиб олиш мумкин?

Бу материал «Фикрлар» рубрикасида эълон қилинди. Колонкада муаллифларнинг шахсий фикри акс эттирилади.

5 декабрь куни Қирғизистон Қозоғистон ва Туркманистондан кўмир, газ ва электр энергиясини импорт қилиш учун Осиё тараққиёт банкидан 50 миллион доллар қарз олишни режалаштираётгани маълум бўлди. Бу сумманинг 25 миллион доллари кейинчалик фоизлари билан тўланадиган кредитдир. Шу билан бирга, президент администрацияси мамлакатнинг биринчи шахсини хорижий сафарларга олиб чиқиш учун Embraer ёки Bombardier русумли шахсий самолётни лизингга олишни режалаштирмоқда. Бу самолётнинг нархи тахминан шу нархга етиб қолади.

Бироқ бир неча ойдирки, президент Садир Жапаров ва бош вазир Ақилбек Жапаров бизнес-жетида турли мамлакатларга, жумладан Бишкекдан 250 километр узоқликда жойлашган Олмаота шаҳрига сафар қилмоқда. Бу саёҳатларга ўн миллионлаб сом маблағ сарфланади. Амалдорлар кимнинг ҳисобидан сафарга қатнаётгани ҳар доим ҳам тушунарли бўлавермайди.

5 декабрда Temirov Live’нинг журналистлари Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг Embraer Legacy 600 русумидаги хусусий самолёти билан Японияга ташрифи 10 миллион сомга тушгани ҳақида хабар беришди. Вазирлар маҳкамаси раҳбаригача президент Садир Жапаров ҳам худди шу самолётда учишга муваффақ бўлган. Октябрь ойи охирида президент Embraer Legacy 600 билан Олмаотага бориб қўнган.

Ўшанда президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев Қирғизистон томони фақат ёқилғи сарфлагани, самолётга эгалик қилувчи компания самолётни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётгани, шунинг учун уни синовдан ўтказиш учун текинга бериб турганини айтган.

«Ҳозирда биз лизинг учун юқорида қайд этилган бортлардан бирини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. Биз ушбу имкониятни биргаликда кўриб чиқаётган компания бортни бизга Остонага бепул берди. Тез орада самолётлардан бирини сотиб олиш бўйича қарор қабул қилинади», — деган у 29-октябрда.

Уни сотиб олиш учун мамлакат қанча харажат қилишини Султанбеков аниқ айтмаган. Аммо Jets авиация порталининг маълумотига кўра, янги Embraer Legacy 600 русумидаги самолёт 26 млн доллар бўлади — бу ҳам ўша кўмир ва электр энергияси учун олинаётган қарзнинг суммаси.

Садир Жапаров иш сафарларига хусусий самолёт ёллаб кўп чиқиб юради. Жапаровнинг администрацияси буни ҳозирдаги №1 ТУ-154 борти ёқилғини кўп сарфлаб, шунингдек эскириб қолганидан айрим давлатлар қабул қилмаётганини айтиб тушунтирган. Бу ҳақиқат: совет давридаги самолётлар, масалан, овознинг баландлиги бўйича Европанинг меъёрларига жавоб бермайди.

Бироқ бизнес ва биринчи класси бор бир қатор қулай фуқаролик рейсига чиққан самолётлар бор, дунё аэропортларида эса, жумладан «Манас»да барча шароити бор вип-заллар бор. Ҳатто бу рейсларга ўтиришдан бой мамлакатларнинг биринчи шахслари ҳам тортинмайди. Бундай тажриба қирғиз президентларида ҳам бор.

Жапаровга қадар ишлаган экс-президент Сооронбай Жээнбеков расмий, жумладан АҚШга қилган сафарида бир неча бор оддий фуқаролик рейсдан фойдаланган. 2010-йилнинг сентябрида президент Роза Отунбаева ҳам БМТнинг Бош ассамблеясининг сессиясига қатнашиш учун Нью-Йоркка оддий самолёт билан борган. Ўшанда иш сафарининг асносида 250 минг доллар тежалгани айтилган.

Президентларнинг хусусий самолётларда учиши аслида одатий амалиёт. Бироқ бундай ҳолатларни мамлакатда шошилинч эҳтиёжлар учун ортиқча маблағ бор вақтда этикага тўғри келади деб айтиш мумкин. Гап бюджетдаги бўшлиғи эса жорий йилга кўра 35 млрд сомга ўлчанаётган Қирғизистон ҳақида бўлаётганда эса бундай дейиш қийин.

2018-йили президент Сооронбай Жээнбеков АҚШга фуқаролик рейси билан учган. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Ҳукумат бюджетдаги рекорд даражали танқисликнинг бирдан бир сабаби қатори Баткен вилоятидаги қайта тиклаш ишларини атамоқда. У ерда Тожикистон билан бўлган йирик кўламли қуролли тўқнашувдан кейин юзлаган уй ва бошқа объектлар вайрон бўлган.

Аммо чегара жанжали 14-17-сентябрда бўлган, давлат раҳбари учун эса хорижий хусусий самолёт сотиб олиш нияти борлигини Жапаровнинг матбуот котиби 29-октябрда билдирган — орадан бир ярим ой ўтгандан кейин. Бу вақтда вайроналикнинг кўлами маълум бўлган, ўшанда давлат бюджети режалаштирилмаган чиқимларга учраши тушунарли бўлган. Шунга қарамай амалдорлар ўша вақтда ўзларини қимматбаҳо харидлари билан қувониш режасидан бош тортишмаган.

Июнь ойида БМТ 2022-йилнинг охирига бориб Қирғизистонда қашшоқлик 38%га етиши мумкин эканини таъкидлаган. Ноябрда БМТнинг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро фондининг (IFAD) Қирғизистондаги минтақа директори Самир Бежауи озиқ-овқат нархининг ўсиши ҳамда қишлоқ хўжалиги учун ресурсларнинг танқислиги бу йил Қирғизистонда халқнинг ожиз қатламини очарчиликка дучор қилиши мумкин деган хавотирини айтган. Бундан ташқари, яқиндагина вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров ҳукумат пенсиянинг минимал миқдорини яшаш минимумигача етказиш бўйича янги Конституцияда ёзилган мажбуриятларини бажара олмаслигини тан олган.

Бир томондан ҳукумат тежашга ҳаракат қилмоқда. Парламент депутати Элвира Сурабалдиева молия вазири Алмаз Бакетаевдан давлат ходимларининг мукофот пуллари, транспорт ва иш сафарларига чиқимлари нима учун қисқарди деб сўраганда, вазир «Барча моддалар бўйича қисқартирмоқдамиз. Қоғозга [кетган чиқимларни ] ҳам» деб жавоб берган.

Бироқ иккинчи томондан тежамкорликлари акс таъсир қилмоқда. Чунки айни вақтда ҳукумат ўз эҳтиёжлари учун 450 млн сомга электромобилларни сотиб олмоқчи. Халқаро валюта фондининг декабрдаги пргонозлари бўйича, Қирғизистонда бюджетнинг чиқимлари солиқлар тўпланиб бўлгунча тезлик билан ўсмоқда ва давлат эҳтиёжлари учун чиқимлар сабаб бюджетнинг танқислиги 2023-йилдан бошлаб ҳам, ундан кейин камаймайди.  Вазият шундай бўлиб турганда давлатнинг биринчи шахслари учун самолёт сотиб олиш — ҳаддан ошиш. Шу билан бирга мамлакатда амалдорлар бошқа ўлкада яшаётгандек, гўё. Масалан, вазирлар маҳкамаси етакчисининг ўринбосари Эдил Байсалов ҳукумат раҳбари Ақилбек Жапаровнинг Японияга борган сафари ҳақида Temirov Live’нинг суриштирувига изоҳ берар экан, бизнес-жетлар билан учишларни мамлакатни «стратосферага» олиб бораётган «давлат зарурати», суриштирувчи журналистларни эса «маргинал—ортда қолганлар» деб атаган.

Жапаров нима учун оддий рейсдаги самолётни фойдалангани йўқ деган саволга эса Байсалов у «жуда кўп вақтни олади», «вазирлар маҳкамасининг бошчиси мамлакат ичида ва унинг ташқарисида қулай тижорий рейсларни қўлланиб келмоқда» деб жавоб берган.

Сентябрда Байсалов шу каби парвозлар бўйича изоҳ берар экан «Биз “қашшоқлик синдроми” билан бир йўла хайрлашдик» деб билдирган. Бироқ «биз» деб кимларни назарда тутаётганини аниқ айтмаган.

Муаллифлар: Виктор Мухин, Мундузбек Каликов