Женишбек Токторбаев депутатларнинг сўроққа чақирилиши бўйича комиссия тузишни таклиф қилди

278

Депутат Женишбек Токторбоев Бош прокуратура томонидан депутатларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликларни ўрганиб, ҳуқуқий баҳо берадиган депутатлик комиссиясини тузишни таклиф қилди. Халқ депутати 7 декабрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида шундай таклиф билан чиқди.

«Прокуратурадаги коррупция ҳақида баёнот берганимиздан сўнг, бизни сўроққа чақиришди. Бош прокуратура ўз қўлига улкан ваколат олиб, ўзини халқдан устун ҳис қилди, одамлар тақдири билан ўйнашга одатланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари Алимқадир Бейшеналиев Соғлиқни сақлаш вазирлигида кўплаб ислоҳотлар ўтказди, бироқ прокуратура унга нисбатан 7 та иш қўзғатди ва у бир ойга қамалди. Кейинчалик тергов жараёнида иш тўхтатилди. Аммо бунга маънавий жиҳатдан ким жавоб беради?» — деди депутат

Токторбаев прокуратуранинг ходимлари депутатларни мажбурлаб сўроққа олиб кетаётганини айтиб, «бу қонунни ҳурмат қилмасликми ёки қонунни тушунмаганликданми» деб савол қўйди.

Шунингдек у бош прокурорни президентнинг таклифи билан Жогорку Кенешгина тайинлаб, хизматдан олиб қўя олишини эслатди.

Токторбаев ва Атазовнинг сўроғи

Депутат Шайлообек Атазов парламентнинг 30-ноябрдаги йиғинида прокуратуранинг айрим ҳудудлардаги бўлимларида коррупция бор эканини айтган.

Ҳамкасбининг сўзларини Женишбек Токторбаев ҳам қўллаб, назорат органида коррупция бор эканини таъкидлаган. У «прокуратуранинг ваколатларига тергов киргандан кейин аждарҳога айланиб кетишди» деб билдирган.

Ўша куннинг ўзида депутатлар йиғинда айтганлари бўйича гувоҳ қатори сўроққа чақирилишган. Жогорку Кенешнинг 1-декабрдаги йиғинида Токторбаев билан Атазов сўроққа чақирилганидан норози бўлиб, прокуратуранинг ҳаракати «Конституцияга қарши келади» деб таъкидлашган.

Парламент спикери эса Нурлан Шакиев депутатларнинг сўроққа олингани бўйича маълумот бериш учун бош прокурор Курманкул Зулушевни йиғилишга чақирган.

Қўли узун Бош прокуратура

2021-йилнинг 5-майида янги Конституция қабул қилинганидан кейин Бош прокуратура жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқини олди. Шундан сўнг Бош прокуратура томонидан Жиноят ва Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят кодексига ўзгартишларни киргизиб, уларни Асосий қонунга мувофиқлаштириш таклифи киритилган.

2021-йилнинг 1-декабридан бошлаб янги Жиноят Кодекслари кучга кирди, уларга киритилган ўзгартиришларнинг аксарияти Бош прокуратуранинг ўзи томонидан киритилган.

Прокуратура тергов функциясини қайтариб олиш билан ваколат ҳуқуқларини кенгайтириб олгани боис юристларнинг танқидига учраган.

Бундан ташқари, адвокатлар куч тузилмаларини деярли ҳамма нарсага қодир қилиб қўйган янги кодекслардаги ўтмишдаги «даҳшатли ортга қайтишлар»га эътибор қаратдилар. Улар «ишнинг тоталитар усулларига хавфли бурилиш» бўлишидан қўрқишди – ахир, Бош прокуратура 1997 йилдаги кодекслардан Жиноят-процессуал кодекси лойиҳасига коррупция элементларини ўз ичига олган ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси унчалик катта бўлмаган нормаларни киритган.

Юристлар, шунингдек, Бош прокуратурани кодекслар ёпиқ эшиклар ортида ва яширин ишлаб чиқилганини танқид қилган. Ишчи гуруҳнинг 70 фоизини «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан чамбарчас боғланган» хавфсизлик хизмати ходимлари ва давлат идоралари вакиллари ташкил этган. Журналистлар ҳатто «муҳокама қилинаётган масалаларни тўғри тушуна олмаяптилар» деган баҳона билан учрашувларга киришдан ҳам маҳрум қилинган.