BBC нашри 2022-йилга нисбатан дунёнинг таъсирга эга ва руҳлантирувчи 100 нафар аёлининг рўйхатини эълон қилди. Унга қирғизистонлик Айнура Сагин ҳам кирган.
У Tazar стартапининг асосчиси ва директори. Tazar — Бишкекнинг картасида пластик, ойнак, қоғоз, темир, техника ва кийим-кечакларни қабул қилиш пунктларини бириктирган бепул сервис. Tazar қайта ишлатишга яроқли материалларни ўтказишни тизимлаштириш орқали чиқинди полигонларига ташланувчи чиқиндиларнинг кўламини камайтиришни кўзлайди.
Стартапнинг мақсади — Марказий Осиёда атроф-муҳитнинг ифлосланишига боғлиқ муаммони ҳал қилиш бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, Айнура Сагин тез-тез семинарларни ўтказиб туради. У ўтказган семинарларда Қирғизистоннинг турли ҳудудларидан келган ўқувчи қизлар дастурлаш асосларини ўрганишган.
«Иқлим муаммоларини аёлларнинг иштироки ва лидерлигисиз ҳал қилиш осон эмас. Планетанинг барқарор ривожланиш ҳамда гендер тенгсизлик масалалари ҳал қилиниши керак», — деб ёзади BBC. Аввалроқ Айнура Сагин ўзи Aurora Tech Award’га берган интервьюсида чиқинди муаммоси экологик тоза ҳатти-ҳаракатга ўргатиш орқали ҳал қила олишини айтган.
Асосий сурат: Aurora Tech Award.