Президент Садир Жапаров зудлик билан жигар трансплантациясига муҳтож бўлган театр ва кино актёри Азиз Мурадиллаевга 42 минг доллар ажратди. Бу ҳақда жамоатчилик фаоли Ассол Молдокматова Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
У Президентга миннатдорчилик билдириб, хайрия акцияси ёпилганини эълон қилди.
«Бир неча соат олдин мен Мурадиллаевни қутқариб қолишингизни илтимос қилиб, сизга [президентга] мурожаат қилдим ва бир соатдан кейин сизнинг номингиздан касалхонага пул юборилди […]. Эртага Мурадиллаевнинг рафиқаси билан матбуот анжумани ўтказамиз. Биз йиғим миқдорини хотинининг қўлига ўтказамиз», — деб ёзди Молдокматова. Президент матбуот хизмати актёрнинг операцияси учун қайси манбалардан маблағ ажратилганига ҳозирча изоҳ бермади.
4 декабрь куни Ассол Молдокматова Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Азиз Мурадиллаевга зудлик билан жигар кўчириб ўтказиш зарурати ва унинг аҳволи шифокорлар томонидан барқарор оғир деб баҳолангани ҳақида маълум қилган эди.
«У гапиролмайди […]. Туркия, Россия клиникалари билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Жигар трансплантациясини амалга ошириш учун вақт топиш жуда муҳим», — деди Молдокматова.
Унинг сўзларига кўра, актёрнинг қариндошларида 45 минг доллар талаб қилинадиган қиммат операцияни ўтказиш учун маблағ етишмайди. 4 декабрь ҳолатига кўра қирғизистонликлар актёр учун атиги 3770 доллар йиғишган.
2016 йилда ҳам актёр даволаниш учун пул йиғган - кейин унга гепатит C ва жигар циррози ташхиси қўйилган.
Азиз Мурадиллаев кўплаб фильмларда, жумладан, тарихий фильмларда суратга тушган. Унинг иштирокидаги энг машҳур фильмлари: «Қурманжон датка» ва «Мен юлдуз бўламан».