«Кампиробод масаласи». Депутат Медер Алиев қўмита етакчилигидан кетди

251

Парламентдаги «Ишеним» фракциясининг депутати Медербек Алиев Жогорку Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўмитаси раиси лавозимидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда парламентнинг 30-ноябрда  бўлиб ўтган йиғилишида маълум бўлди.

Йиғилишда спикер Нурланбек Шакиевнинг айтишича, Алиев ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзган.

«Мен бу қарорни ўзим қабул қилдим. Ҳеч ким мени мажбурламади. Тафсилотларга кирмасдан, қисқача айтаман, бунга яқинда Кампирободдаги масала сабаб бўлди», — деб тушунтирган Алиев  ўз қарорини.

Алиев бундан кейин оддий депутат қатори ишини давом эттираверишини таъкидлади.

Медер Алиев қўмита етакчиси бўлиб, жорий йилнинг январь ойида сайланган.

Кампиробод масаласи бўйича аввалроқ депутат Чингиз Айдарбеков парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасининг етакчилик хизматидан бўшатилган.

Кампиробод бўйича овоз бериш

Жогорку Кенеш 17-ноябрда бирданига уч ўқишда «Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикасининг ўртасидаги қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари ҳақидаги келишувни» ҳамда «Кампиробод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш ҳақидаги келишувни» ратификациялаш бўйича баҳсли қонунларнинг лойиҳаларини маъқуллаган.

Учинчи ўқишда қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари ҳақидаги келишувни 64 депутат қўллаб, 19 депутат қарши овоз берган. Кампиробод сув омборининг сувларини биргаликда бошқариш ҳақидаги келишувни 65 депутат қўллаб, 18 депутати қарши овоз берган.

Овоз беришда ўтирган депутатларнинг умумий сони 83ни ташкил топган. Етти депутат ўрнида йўқ бўлган.

Мунозара президент Садир Жапаровнинг иштирокида ўтган. Қонун лойиҳаларининг Қамчибек Ташиев баён қилиб чиққан. Юқори лавозимни эгаллаган икки амалдор ҳам депутатларни ҳужжатларни мамлакат учун фойдали деб асослаб қўллаб беришга ундашган. Депутатларнинг айримлари келишувга қарши чиқишган. Мухолифатчи депутат Адахан Мадумаров ҳамкасбларини ҳужжатларни қўллашга мажбурлаш бўлганини билдирган.

29-ноябрда эса президент Садир Жапаров қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини делимитациялаш ва Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича келишувни ратификациялаш ҳақидаги қонунга қўл қўйган.