«МХДҚ жим». Сурабалдиева Чингиз Айдарбеков бедарак бўлаётганини айтди

280

27-ноябрга ўтар кечаси Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари парламентнинг икки депутати Эмил Жамғирчиев ва Чингиз Айдарбековни қўлга олди. Бу ҳақда депутат Элвира Сурабалдиева твиттерда хабар берди.

«Ақ-Жол назорат-ўтказиш пунктида Эмил Жамғирчиевнинг мамлакатдан чиқиши тақиқлангани маълум бўлди. У МХДҚ ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Биз йиғилдик, у қўйиб юборилди", деб ёзади парламент аъзоси.

Шу билан бирга, Сурабалдиева Айдарбековнинг қаердалигидан хабари йўқлигини айтади.

«Чингиз Айдарбеков ҳеч қаерда йўқ, топа олмаяпмиз. Кечадан бери алоқага чиқмади. МХДҚ жим», - дейди у.

Akipress агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб, Айдарбеков ҳали ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида эканлиги ҳақида хабар берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Жамғирчиев ва Айдарбеков Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳақидаги келишувга қарши овоз берган 18 депутатлардан бири эди.

Айдарбеков келишувни имзолашдан бош тортиб, танқид қилганидан кейин парламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси дипломатик даражасидан ҳам маҳрум этилган.

Кампиробод сув омборининг ўтказилиши бўйича баҳслар

Жогорку Кенешнинг 17-ноябрда бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудни ратификация қилиш ва Кампирободни биргаликда бошқариш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини бирданига уч ўқишда қўллаб овоз беришган. Ҳужжатлар сув омбори остидаги 4485 гектар ерни Ўзбекистонга беришни кўзда тутади ва бунинг эвазига Қирғизистон бир неча ҳуҳудлардан 19 минг гектардан ортиқ ер олади.

Бу ташаббусга қарши чиққан 20 нафардан ортиқ фаоллар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари оммавий тартибсизликлар тайёрлашда гумон қилиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган. Барча ҳибсга олинганлар ўз айбларини тан олмай, уларга қарши иш Кампирободга нисбатан тутган позицияси туфайли «ўйлаб топилганини»  даъво қилишади.

Депутатларнинг ўзлари ҳам МХДҚ ходимлари Кампирободнинг ўтказилишига қарши овоз берган парламент аъзоларини қўрқитаётгани ҳақида билдиришган.

Шу билан бирга, президент Садир Жапаров оммавий ҳибсга олишларни изоҳлар экан, улар «мамлакатда беқарор вазият яратиш учун ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иш тутган»лигини айтган.