Вице-мэр: Ўзбекистон газ экспортини тўхтатгани Ўшда ҳали сезилмади

288

Ўзбекистон газ ва электр энергияси экспортини деярли бутунлай тўхтатганини билдиргани билан ўзбек газидан фойдаланган Ўш шаҳрида ҳозирча газ бор. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш шаҳрининг вице-мэри Сонунбек Жунусбоев билдирди. Аммо у ўтган йили шаҳарда газ бу йилгидан яхшироқ бўлганини тан олди.

«Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Фақат босим тушганда, истеъмол юқори бўлганда, у озгина чиқмай қоляпти. Аммо Ўзбекистон билан қайта гаплашиб, босимни оширамиз», деди у.

Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 16-ноябрда Ўзбекистон газ ва электр энергияси экспортини деярли бутунлай тўхтатганини маълум қилган.

«Агар кундузги тахминий кўрсаткичлар бўйича 100 млн метр куб газ экспорт қилиш режаланган бўлса, ҳозирги экспорт 1 млн метр кубга ҳам етмайди», — деган у.

Бу мамлакатнинг ичидаги эҳтиёжни қаноатлантириш учун танқис бўлаётгани билан боғлиқ.

Қирғизистоннинг жанубий ҳудуди деярлик тўлиғи билан «Хўжаобод — Ўш» қувури орқали ўтган ўзбек гази билан таъминланади.

Аввалроқ «Газпром Қирғизистон» ишхонасининг бош директор ўринбосари Александр Гребенюк 24.kg нашрига ўтган йил кузида ва қишда мазкур газ қувурида босим кескин тушиб кетишини айтган. Шу сабаб, Гребенюкнинг айтишича, «Ошгаз» ишхонаси истеъмол юқори нуқтага етган соатларда газни кўп қаватли уйларга ҳамда бюджет ташкилотларига ҳам етказиш учун ҳовли уйларга газ беришни чеклашга мажбур бўлган.

«Асосан 2-3 йилдан бери [газ] муаммо туғдирмоқда. [...]. Газнинг босими совуқ тушганда бир оз тушиб кетади. Кейин Газпромнинг йигитлари Ўзбекистон билан гаплашиб, у ерда заправкалар бор-да, ўша заправкалар билан гаплашиб, ўша томонни ёпиб, Қирғизистонга босимни яхши қилиш учун иш олиб бормоқда. Бугунги кунда у қадар ҳам хавф йўқ. Газ тўлиқ Ўш шаҳрининг туманларида бор. Совуқ тушган кунларигина босими тушгани кузатилмоқда», — деди Сонунбек Жунусбаев.

Муаллиф: Виктор Мухин