Депутат Тазабек Икрамов ҳамкасби Ўмурбек Бакировнинг иш кабинетидан чиқарилгани муносабати билан президент девони раҳбарининг ўринбосари Элмира Усановани ишдан бўшатишни таклиф қилди. Бу ҳақда депутат 23 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди.
Икрамов Бакиров билан боғлиқ воқеани «Жогорку Кенешнинг депутатларини ҳурмат қилмаслик» деб баҳолади.
«Депутатнинг мақоми қонунда аниқ ёзилган. “Депутатга тегишли турар жой, хизмат хонаси, шахсий ва хизмат транспорти, депутатга тегишли барча ҳужжатлар текширилмайди ва тинтилмайди. Биз қонун доирасидан чиқиб кетдик. Хат бердими, кутиб туриш керак эди. [...] Талабни қўяйлик. Бу ерда депутатнинг сўзлашига йўл қўймаслик сайловчилар ва қирғиз халқини гапиртирмаслик бўлиб ҳисобланади», — деди у.
Яна бир депутат Жалолидин Нурбаев парламент раисининг ўринбосари Нурбек Сидигалиевга мурожаат қилиб, масалани тез орада ҳал қилиб беришни илтимос қилди.
«Биз янги келганимизда олтинчи чақирилишнинг депутатлари, ҳар ким ўзининг хонасида қолаверсин, қолганларга бўлиб берилади дейилган. Улар хонанинг таъмирини ўзлари қилган экан. Бугун шу нарсага ойдинлик киритиб, ҳал қилмасангиз, уят», - деди Нурбаев.
«Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров эса Жогорку Кенешнинг депутатини хонасига кириш тугул, очишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини таъкидлади. У вице-спикер Нурбек Сидигалиевга «Жогорку Кенеш кимнинг қарамоғида» деб савол қўйди.
«Биз ҳамкасбимизнинг шаънини, конституциявий мақомини шу ердан ҳимоя қила олмайдиган бўлсак, сайловчиларнинг ҳуқуқини қандай қилиб ҳимоя қиламиз? Қайси бир иш бошқармасининг ўринбосари келиб депутатнинг иш кабинетидан чиқариб қўйганини бошқа мамлакатлар эшитса ҳам шарманда бўламиз», — деди Мадумаров.
Сидигалиев Жогорку Кенеш Давлат мулкини бошқариш фондининг қарамоғида эканини айтди. У маълумот олиш учун президент иш бошқармасининг етакчилигини йиғинга чақиришни топширди.
Бакировнинг иш кабинетидан чиқарилиши
Жогорку Кенешнинг 17-ноябрдаги йиғинида Кампиробод бўйича масала кўрилаётганда депутат Ўмурбек Бакиров МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев билан тортишиб кетган. Уни Ташиев трибунадан «эненгди сигейин» деб сўккан.
Йиғин тугагандан кейин Бакиров Ташиевнинг парламент йиғинида сўкингани бўйича фикрини билдириб, «аёл кишини, онани [қандай] хурматлаганини кўрсатиб қўйди» деб айтган.
Эртасига Бакировнинг Оқ уйдаги иш кабинетидан чиқарилгани маълум бўлган. Ижтимоий тармоқда президент иш бошқармасининг ўринбосари Элмира Усонованининг қўли қўйилган хат эълон қилинган. Унда «Жогорку Кенешнинг ишини оптималлаштириш ва иш ўринларини тартибга солиш мақсадида 7-қаватдаги 705-хонани 18-ноябрда соат 13:00га қадар бўшатиш» сўрови ёзилган.
Бакиров у мазкур хонада 6-чақирилишдан бери ўтирганини ва президентнинг иш бошқармасининг қарори тушунарсиз бўлаётганини айтган.