Бугун, 22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари фаол Ербол Тоқтогуловни қўлга олгани ҳақида маълумот тарқалди.
«У Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкек бўлимига олиб кетилди. У билан боғланганимда, «Фейсбук»даги пости ва танқиди учун қамаб қўймоқчи эканликларини айтди», деб ёзади Асамидин Мухиддинов исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Тоқтогуловнинг ҳибсга олингани ҳақидаги фактни суриштирувчи журналист Болот Темиров ҳам ёзган. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова «Азаттык» ва 24.kg агентлигига фаолнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
«У (Ербол Токтогулов) Кампиробод ҳақида кўп ёзган. Менимча, ҳибсга олиниши унинг сув омборидаги позицияси билан боғлиқ. Бу сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олиш», деди у.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бу маълумотни Kaktus.media нашрига рад этди. Уларнинг айтишича, фаол ҳибсга олинмаган, балки Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига «жиноий иш бўйича гувоҳ сифатида таклиф қилинган, бундан ортиқ эмас».
Токтогулов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, расмийларни танқид қилган. Фаолнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан чиқиб кетгани-кетмагани номаълум. Материал чоп этилаётган вақтда махсус хизмат ходимларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши
23-октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузган сиёсатчилар ва фаоллар тинтув қилиниб, ҳибсга олинди. Ўша куни 22 киши қўлга олинган бўлса, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган (собиқ депутат Қанат Исаев бошқа ҳолатда қўлга олинган).
Ички ишлар вазирлиги сиёсатчилар ва фаоллар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганлик»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилган. 25-октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча қўлга олинганларни икки ойга ҳибсда қолдирган.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмай, буни босим қатори баҳолашади. Шунингдек, улар ўзларига нисбатан очилган иш «тўқима» эканини даъво қиладилар. Уларнинг фикрича, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланган.
Йигирмадан ортиқ фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши аллақачон бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.
Президент Садир Жапаров сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишига изоҳ берар экан, маҳбуслар Кампиробод масаласига «парво қилмаслигини»лигини айтиб, улар ҳокимиятга эришиш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда, деган.