19 ёшли қизнинг ўлимига гумонланувчи қийноққа олингани айтилди, милиция рад қилди

229

Жалолобод вилоятининг Ноокен туманида 19 ёшли қизнинг ўлдирилишида гумон қилинган шахс милиция бўлимидаги қийноққа олингани ҳақида билдирди. Унинг айтишича, у икки кун давомида калтакланган ва зўрланган. Бу ҳақда Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази хабар берди.

Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказининг (ҚООММ) хабарига кўра, қирғизистонлик 10-ноябрда қўлга олинган ва шундан кейин у қизни ўлдирганини тан олган. Бироқ шундан сўнг, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, милиция ходимлари гумонланувчини бошқа жиноятларга ҳам иқрор бўлиши учун яна икки кун қийноққа солган.

Марказнинг ходимлари унинг баданидаги қийноқ изларини суратга олиб, қийноқ бўйича ариза олишган. Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш марказидан ариза асосида гумонланувчига тиббий экспертиза тайинланиб, Истамбул протоколи тўлдирилиб, тез ёрдам чақирилганини таъкидлашди.

«Аммо бу вақтда марҳум қизнинг яқинлари ишга тўсқинлик қилганидан шифокорлар вақтинча сақлаш жойидан кетишга мажбур бўлишган», — деб ёзилади маълумотда.

Бундан ташқари марказининг етакчиси Бақит Рисбеков гумонланувчи билан учрашувга борганда «унга милиция ходимлари  тарафидан тўсқинлик бўлгани» айтилди.

Шу сабабли миллий марказ «злдирилган қизнинг оиласига марказнинг мақсадлари ва иши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмаган маълумотлар берилмоқда» деб тахмин қилмоқда.

 Милиция барини инкор қилади

Жалолобод вилоят ИИБдан Қийноқларнинг олдини олиш маркази тарқатган маълумотни инкор қилди.

Матбуот котиби Шеркул Турганбаев «Клооп»га гумонланувчи вақтинча сақлаш жойига келгунга қадар суд-тиббий эспертизасидан ўтганини билдирди.

У «гумонланувчи шифокорга танасидаги жароҳатлар 2-3 кун аввал уйида йиқилиб тушгани сабаб пайдо бўлганини айтиб берган» дейди.

Шунингдек, улар Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази ходимларининг гумонланувчи билан учрашишига халақит бермаганликларини ҳам билдиришди.

Шунга қарамай, прокуратура гумонланувчининг тан жароҳатларини текширишни буюрди. Ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда.

19 ёшдаги қизнинг ўлими

8-ноябрь соат тахминан 9:30 да Ноокен туманининг Маси қишлоғидаги сойдан ўлдирилган 19 ёшдаги қизнинг жасади топилган.

Мазкур факт бўйича «Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган. Жиноятга гумонланиб 58 ёшдаги шахс қўлга олинган. Терговда гумонланувчи қизни ўлдириб, жасадини каналга ташлаб юборганини тан олган.

Шунингдек, қўлга олинган шахс бунга қадар зўрлаш ва бошқа моддалар билан бир неча марта судланиб, охирги марта 2021-йили гиёҳванд модда бўйича жавобгарликка тортилгани айтилган.

Муаллиф: Медина Купсулдаева