Садир Жапаров депутатларни Кампирободни Ўзбекистонга ўтказиш учун овоз беришга чақирди

275

Президент Садир Жапаров 17 ноябрда Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича келишув кўриб чиқилаётган парламентнинг йиғилишида нутқ сўзлади. У депутатларни Ўзбекистон билан чегара бўйича келишувга «масъулият билан» муносабатда бўлишга чақирди.

«Албатта, ҳаммангиз демоқчи эмасман, аммо бир-икки депутатлар “овоз бермайман”, “ҳукумат менинг илтимосимни бажармаяпти”, “сўраган кадрларимни хизматга олмаяпти” деган сўзларни айтаётганлар бор.  Агар мен ёки Вазирлар Маҳкамаси шахсий илтимос билан келсак, майли, қўлламай қўяверинглар. Лекин [Ўзбекистон билан чегара шартномаси] бутун мамлакатнинг яхлитлиги ва миллий хавфсизлигига тааллуқли масала. Сиз унга шахсий хафагарчилик билан муносабатда бўлишингиз нотўғи, ҳурматли депутатлар», — деди Жапаров.

Давлат раҳбари айрим депутатлар унга Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилишни келажакка қолдиришни таклиф қилганини қўшимча қилди. Аммо, президентнинг фикрига кўра, Қирғизистон учун келажакда бундай қулай келишувга эришиш анча қийин бўлиб қолиши мумкин.

«Қўшни давлатда аҳоли сони йилдан-йилга кўпаймоқда, ер майдони эса кичрайиб бормоқда. Кейин 19 минг гектар учун эмас, бир сотих ер туфайли қон тўкилиши мумкин. 30 йил давомида қанча ҳарбийларимиз, оддий фуқароларимиз ҳалок бўлди», - дейди у.

Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича ҳужжатлар тегишли қўмиталарда кўриб чиқилаётганда норозилик сифатида зални тарк этган депутатларни ҳам танқид қилди.

«Давлат тақдири ҳал қилинаётган масалада бундай қилманглар. Ҳукуматга мухолифатда бўлишингиз мумкин, лекин давлатга мухолифатда бўлманг, илтимос. Фуқаролар бундай масалаларда қоғозларни кўрмагандан кейин, яхши билишмайди, тушунишмайди, шунинг учун қичқиришади.  Сизлар кўриб турибсизлар, мана, далилли ҳужжатлар қўлингизда турибди, архив ҳужжатлар. Кимлар қарши қичқирмасин, масалани чуқур ўрганиб чиқиб, мамлакатга фойдали келишув бўлаётган кейин масъулиятли муомала қилсанглар яхши бўлар эди. Сизларнини халқ давлатнинг тақдирини хао қилади деб ишониб сайлаган. Энди шу тақдир ҳал қилинадиган масалада мен касалман ёки иш сафарига кетиб қолайин деб, кетиб қолишинглар тўғри эмас. Бу халқ ишончига жавобгарликсиз муомала, ҳурматли депутатлар. Ҳеч қўрқманглар. Биз тўғри йўлдан кетаяпмиз. Ер бераётганимиз йўқ, аксинча, аввалгилар бериб юборган ерларимизни қайтариб олмоқдамиз», — деди Жапаров.

Президент бугунги учрашувни Ўзбекистон билан чегара масаласи ниҳоят ҳал этиладиган «тарихий кун» деб атади.

«Мана шундай тарихий ва масъулиятли кунда мен яширмай, бу борада ўз фикримни билдиришга қарор қилдим. Қамчибек Қидиршаевич чегара масаласи қандай ҳал этилаётгани ҳақида батафсил гапириб берди. Қанча ер, қандай баҳсли ҳудудлар бизга берилгани тушунмаганлар учун тушунарли бўлди, деб ўйлайман. Уларга тўхталмайман», — деди у.

Президентнинг айтишича, Кампиробод остидаги 4127 гектар ер 1965 йилда Ўзбекистон билан алмаштирилган.

«Шунга қарамай қўққисдан Кампиробод қурғаб қолса, сув остидаги ер Ўзганда қолсин деб қичқиряпсизлар. Биринчидан, сув қурғамайди, яна асрлар давомида сув оқади. Иккинчидан, хўп сув тугаб, сув омбори қуриб қолди дейлик. Ўрнига тенгма-тенг ерга ўша заҳоти алмаштириб олсак бўлади. Ҳурсанд бўлиб алмаштиради. Чунки уларга [ўзбек томонга] сувдан бўшаган тош, қум босган сойнинг кераги йўқ. У ерга пахта эка олмайсан ёки шоли эка олмайсан. Учинчидан, Қичқираётганлар “Ўзбекистонга бошқа ердан ер бериб сувнинг остидаги ерни олиб беринглар” дейишади. Ўзбек дўстларимизнинг боши яхши ишлайди. Шу сабабдан 30-40 йил олдига кетишди. Биз эса ҳали ҳам қичқиришдан бошимиз чиқмай юрибмиз», — деб таъкидлади у.

Жапаров бугун депутатларни Ўзбекистон билан муаммони бир йўла ҳал қилишга чақирди.

«Биргина Ўзган билан муаммо ҳал бўлаётгани йўқ, бутун Қирғизистон бўйича чегара масаласи ҳал қилиниб, нуқта қўйилмоқда», — деб қўшимча қилди у.