Қамчибек Ташиев «Кампиробод иши» бўйича қўлга олинганларни «провокаторлар» деб атади

251

17 ноябрдаги парламент йиғинида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Кампиробод масаласи бўйича оммавий қўлга олинган фаол ва сиёсатчиларни «провокаторлар» деб атади.

Бундай билдирувни Ташиев йиғинда қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишув муҳокама қилинаётганда депутат Адахан Мадумаровнинг саволига жавоб берар экан айтди. Мадумаров Конституция бўйича ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин айтиш ҳуқуқига эга эканини эслатган эди.

«Эркин фикрини билдирганлар эмас, провокаторлар,мамлакатда беқарорликни олиб келамиз, мамлакатда яна низо чиқарамиз, ҳокимиятни оламиз [деганлар]. Айнан шу қонуннинг асосида низо чиқармоқчи бўлганларнинг томирини қуритяпмиз. Бундан кейин ҳам қуритамиз», — деди Ташиев.

Ташиев «мамлакатга кимлар фитна солишни истаса, ички-ташқи душман демай чора кўришга масъулмиз» деб қўшимча қилди.

ИИВ «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёрланиш» гумони билан қўлга олган фаол ва сиёсатчиларнинг сони деярлик 30 нафарга яқинлади. Суд уларни икки ойга қамоққа олган. Қўлга олинганлар Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтишига қарши чиқиб, ҳукуматни танқид қилиб келган.

Қўлга олинган Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиевни сув омборини қўшни давлатга бераётгани учун танқид қилишган.

17 ноябрда парламентда қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини делимитациялаш ва Кампиробод сув омборининг сувини биргаликда бошқарув бўйича келишув уч ўқишда қабул қилинди.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши

23-октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, уни ҳимоя қилиш қўмитасини тузган сиёсатчилар ва фаоллар тинтув қилиниб, ҳибсга олинган эди. Ўша куни 22 киши ҳибсга олинган, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган.

Ички ишлар вазирлиги сиёсатчилар ва фаолларнинг «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрганликда» гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди. 25-октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча қўлга олинганларни икки ойга ҳибсга олиб, кейинроқ шаҳар суди биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирган.

Бу иш бўйича гумонланувчи сифатида кўрилаётган икки киши уй қамоғига чиқарилган: фаол Талант Эшалиев ва Нурлан Асанбеков соғлиғи сабабли озодликка чиқарилган. Эътиборлиси, Асанбеков фаол ёки сиёсатчи эмас, мухолифатчи Равшан Жээнбековнинг уйида таъмирлаш ишларини олиб борган қурувчи бўлган. У сиёсатга ва Кампирободни мудофаа қўмитасига алоқаси йўқлигини айтган.

1 ноябрь куни Асанбеков тергов изоляторида очлик эълон қилган ва натижада унинг соғлиғи ёмонлашган. Натижада 11 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди Асанбековни уй қамоғига озод қилди.

Муаллиф:  Зулайка Эркимбаева