Садир Жапаров Тожикистон билан чегара масаласини 2023-йилгача ҳал қилишни ният қилади

159

Қирғизистон Тожикистон билан чегара муаммосини 2023-йилгача ҳал қилмоқчи. Бу ҳақда президент Садир Жапаров парламентнинг 17-ноябрдаги йиғилишида маълум қилди.

Жапаров парламентнинг ратификациясидан сўнг Ўзбекистон билан чегара масаласига чек қўйилганини таъкидлади.

«Энди Худо хоҳласа, Тожикистон билан чегара ҳудудларимизни битирамиз. Худо хоҳласа, ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаса, янги йилгача битириб [парламентга] олиб келмоқчимиз. Биз барча қўшниларимиз, тўртта давлат билан ҳамжиҳатликда, абадий дўстликда яшашимиз керак. Ҳеч қачон ўқ узилмаслиги керак, ҳеч бир аскар, ҳеч фуқаройимиз ўлмаслиги керак. Аввало, бунга эътибор қаратишимиз керак. Биз чегарани тугатганимиздан сўнг [Ўзбекистон билан чегара шартномаси кучга кирганидан кейин] мана бугун ҳам тилга олинди, Қирғизистон харитаси 199 минг квадрат метрдан 210 минг квадрат метрдан ортиқ квадрат метрга кенгаяди. Тожикистон билан ҳам [чегара масаласини] тугатамиз. Шунда Қирғизистон бутун, хавфсиз Қирғизистонмиз деб айтсак бўлади», — деб билдирди президент.

Аввалроқ МХДҚнинг ва чегарани делимитация ҳамда демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг умумий узунлиги 1472,83 километрни ташкил этишини маълум қилганди. Унинг ичидан 1170,53 километри 2017-йили аниқланган. Яна 302,29 километрга келишилмай турган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги эса 972 километр, ҳозирда унинг атиги 600 километри аниқланган. Боткен ва Сўғди вилоятларининг ўртасидаги участкалар баҳслилигича қолмоқда.

Қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги йирик можаро 14-17 сентябрда Боткен вилоятида бўлиб ўтган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отишма натижасида қирғиз томондан камида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлгани, 20дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган.

Ҳар икки томон бир-бирини ҳарбий босқинчиликда айблаб келади.