Солиқ хизмати: Қирғизистонда Netflix, Amazon, Meta ва Google’нинг ўзи «Google солиғи»ни тўламаяпти

228

Қирғизистоннинг солиқ хизмати хорижий компаниялар, жумладан Alibaba, Meta, Netflix, Google, Amazon бир йилдан бери «Google солиғини» тўлаш талабини эътиборсиз қолдираётганини маълум қилди. Бу ҳақда бошқарманинг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат солиқ хизмати улар бир йил давомида хорижий компанияларга электрон почта орқали расмий хатлар жўнатгани, аммо уларга жавоб олмагани ҳақида ёзади.

Маълумотга кўра, Қирғизистонда электрон шаклда хизмат кўрсатувчи 18 та хорижий компания қўшимча нарх солиғини тўловчи қатори масофавий рўйхатдан ўтган. Солиқнинг ставкаси кўрсатилган хизмат миқдорининг 12 фоизини ташкил қилади.

2022 йилнинг январидан бошлаб Қирғизистонда «Google солиғи» деб аталадиган солиқ кучга кирган. Шундай қилиб, ҳукумат электрон шаклда хизмат кўрсатувчи хорижий компанияларни солиқ тўлаш мажбуриятини юклаган.

Қирғизистон МДҲ давлатлари орасида электрон хизматлар учун бундай солиқ жорий этган биринчи давлат эмас. Россияда бу солиқ 2017 йилда жорий қилинган ва «Google солиғи» деб аталадиган бўлган.

2019-йили эса Россиянинг Федерал солиқ хизмати уч йил ичида бу солиқдан бюджетга 82 миллиард рублга яқин даромад тушганини билдирган.

Худди шундай солиқ Украинада ҳам амал қилади. 2021 йилнинг июнь ойида президент Владимир Зеленский солиқ қонунига имзо қўйган. Унга кўра, Украинада хорижий компаниялар ёки жисмоний шахсларга кўрсатилган электрон хизматларга 20 фоиз қўшимча нарх солиғи олинади.