Россия ҳарбийлари 24-февралда Украинага кенг кўламли ҳужум қилганда, биринчилардан бўлиб оккупациялаб олган Херсон шаҳридан ортга чекина бошлади.
Рус аскарлари Херсондан чиқиб кета бошлаганини 9-ноябрда Россия Федерациясининг мудофаа вазири Сергей Шойгу билдирди. Бундай қарорни у рус армиясининг Қўшма гуруғининг бошчиси Сергей Суровикиннинг маслаҳати билан қабул қилган.
Россиянинг «РИА Новости» давлат нашрининг маълумотига кўра, Россия ҳарбийлари Херсон вилоятидаги Днепр дарёсининг чап қирғоғига кўчириш режалаштирилмоқда.
«Юзага келган вазиятга баҳо бериб, мудофаани Днепр дарёсининг чап соҳилидан давом эттириш тавсия қилинади. Бу ўта оғир қарор эканини тушуниб турибман», — деди Суровикин Шойгу билан суҳбатда.
Айни вақтда у қурол-яроғларни дарёнинг ўнг соҳилида ушлаб туриш рус армияси учун «ғалаба олиб келмаслигини» тан олди.
«Медуза» нашрининг ёзишича, рус аскарлари Херсондан чекинадиган бўлса, Херсон области билан кесилишган Николаев области тўлиғи билан Украинанинг назоратида бўлади. Бу билан украин армияси Херсон шаҳрини қайтариб олиб, Херсон областининг ўнг соҳилида назорат ўрната олади.
Россия Херсондан чекинганини маълум қилишидан аввал турли телеграм-каналларда рус армияси Херсон областидаги кўприкларни портлатмоқда деган маълумотлар тарқаган.
Украинанинг президенти Владимир Зеленский ҳам рус аскарларининг Херсон шаҳридан чекиниш ҳақидаги баёнотга изоҳ берди. 9-ноябрдаги видеомурожаатда мамлакатнинг Херсон шаҳри жойлашган жанубий тарафида контрҳужум энг кам йўқотишлар билан олиб борилиши учун Украинанинг қуролли кучлари шошмай илгарилаётганини айтди.
«Эҳтимол бу кимдир кутаётгандек бўлмаслиги мумкин. Янгиликларда айтилаётганидек ҳам бўлмаслиги мумкин. Бир нарсани тушуниш керак: кучлилигини сезса ҳеч ким, ҳеч қаерга кетмас эди. Душман бизга совға ёки “раҳмдиллик” қилаётгани йўқ. Биз бу ерларнинг барини уруш билан бўшатиб олмоқдамиз», — деди Зеленский мурожаатда.
Украинанинг Херсон шаҳри — 24-февралда бошланган кенг кўламли ҳужумнинг бошланишида рус ҳарбийлари босиб олган ягона област маркази.
Украинанинг яна икки области — Донецк ҳамда Луганск — Россия Украинанинг ҳудудига бостириб кириб, ўлканинг шарқий қисмида «Донецк халқ республикаси» ва «Луганск халқ республикаси»ни тузган 2014-йилдан бери Россия кучларининг назоратида.
Бундан ташқари, Украинанинг таркибига кирган Қрим автономия республикаси ҳам 2014-йилдан бери Россиянинг аннексиясида.
2022-йили кенг кўламли ҳужумдан кейин Европа Иттифоқи, АҚШ ва уларга ҳамкор бир қатор давлатлар Россияга бир қатор санкцияларни киритишган, бу санкциялар Россия иқтисодига таъсир кўрсатган. Ҳужумни қўлламаган чет эл компаниялари Россиядан чиқиб кетишга қарор қилишган.
Уруш бошланган 10 ойдан бери рус ҳукумати ўзининг фронтидаги йўқотишлар ҳақида тўлиқ маълумот эълон қилмай келган. Сентябрь ойида Россиянинг мудофаа вазири Сергей Шойгу рус армиясининг йўқотишлари 5 минг 937 киши эканини расман билдирди, бироқ сонлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Украина Бош штабининг маълумотига кўра, ҳужум бошланган вақтдан бери 77 мингга яқин рус аскари ўлган.
Сентябрга нисбабатан маълумотлар бўйича, ҳужум бошлангандан бери Украина тарафдан 9 мингга яқин киши вафот этган.