Қоракўл: Савдо марказида эркак киши собиқ хотинини пичоқлаб ўлдирди

167

Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳридаги «Қумтор» савдо марказида 9-ноябрда аёл пичоқлаб кетилган ва олган жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган. Унинг собиқ эри қотилликда гумон қилинмоқда. Бу маълумотни «Клооп»га Иссиқкўл вилоятининг ИИБ матбуот хизмати тасдиқлади.

Маълумотга кўра, қотиллик ҳақидаги маълумот милицияга кечки соат 17:08 атрофида келиб тушган. Мазкур ҳолат юзасидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

«Олиб борилган дастлабки тезкор-тергов тадбирлари давомида Ақсу туманида яшовчи 35 ёшли фуқаро савдо марказида Жети-Ўғуз туманида туғилган 30 ёшли собиқ рафиқаси билан учрашгани аниқланди. Суҳбат чоғида улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Сўнг эркак киши аёлни пичоқлаб, ортидан ўзига ҳам пичоқ урган», — дейилади ИИБ хабарида.

Милициянинг билдиришича, эркак оғир аҳволда Иссиқкўл вилоят бирлашган шифохонасига етказилган.

Милиция томонидан суд-тиббий экспертиза тайинланиб, воқеа жойидан ашёвий далил сифатида ошхона пичоғи олиб қўйилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.